Иқлим учун кураш
Иқлим учун кураш

Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКОнинг 14-Ёшлар форуми иш бошлади. “Иқлим ҳаракати ва унинг ижтимоий таъсири, айниқса ёшлар учун” мавзусига бағишланган мазкур халқаро анжуман дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакати ёш етакчилари, экспертлари ва расмий делегация вакилларини бирлаштирди.
Форум ЮНЕСКО, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Уч кунлик тадбирда ёшларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги иштироки, инновацион ечимлар ва глобал сиёсатда уларнинг роли муҳокама қилинади.
Анжуманда иқлим ўзгаришининг ижтимоий ва иқтисодий оқибатлари, ёшларнинг барқарор ривожланиш ва “яшил иқтисодиёт” соҳасидаги ташаббуслари, экотаълим ва иқлим саводхонлигини ошириш масалалари муҳокама этилмоқда. Шунингдек, иқлим инқирози шароитида инклюзив сиёсат ва гендер тенглиги масалалари, ёшлар орқали глобал ҳамжиҳатлик ва “адолатли ўтиш” ғояларини илгари суриш, иқлим муаммоларини ечишда рақамли инновациялар ва стартапларнинг ўрни ҳақида фикр алмашилмоқда.
ЮНЕСКОнинг 43-Бош конференцияси бу йил илк бор Париждан ташқарида - Самарқанд шаҳрида ўтказилмоқда. Бу тарихий қарор орқали Ўзбекистон ЮНЕСКО билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди. Ёшлар форуми эса мазкур глобал анжуманнинг асосий қисмларидан бири бўлиб, мамлакатнинг халқаро нуфузини ва ёшлар сиёсатини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.