II Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалига тайёргарлик
II Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалига тайёргарлик
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 апрелдаги “Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан, жорий йилнинг 3-5 май кунлари Бухоро шаҳрида II Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали ўтказилади.
Фестивалнинг асосий мақсади, халқ амалий санъатининг зардўзлик ва заргарлик анъаналарини ривожлантириш, уларнинг ноёб намуналарини тарғиб этиш, шунингдек, ушбу йўналишларда ўзаро тажриба алмашиш орқали халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни кучайтириш, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган касбий анъаналар ва ҳунармандчилик мактабларини сақлаш ва қайта тиклаш ҳамда минтақанинг туризм салоҳиятини янада оширишдан иборат.
Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалига тайёргарлик ишлари Бухоро вилоятида ҳам олиб борилмоқда. Жумладан, фестивалнинг очилиш ва ёпилиш маросимларини ўтказиш учун 1700 томошабинга мўлжалланган амфитеатр керакли техникалар билан жиҳозланади. Фестивал ғолиблари ва хорижий меҳмонлар махсус совғалар билан тақдирланади. Айни пайтда фестивалга ташриф буюрадиган ҳамда бевосита иштирок этадиган хорижий ва маҳаллий меҳмонлар, ҳунармандлар ва иштирокчилар жойлашадиган меҳмонхоналар рўйхати шакллантирилиб, хоналар банд қилинмоқда.
Ушбу халқаро маданий йиғинда дунё ҳунармандчилигининг илғор ютуқлари, янги технологиялар, орттирилган тажрибалар баҳам кўрилади. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда туризм соҳасининг тараққиётига ҳисса қўшиши шубҳасиз.