Ҳидоятга чорлаётган таълимот

 Ҳидоятга чорлаётган таълимот

 

prolprlprolprolpro.jpg

       Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ғояси ва ташаббуси асосида барпо этилиб, эндиликда экспозицияси фаол шакллантирилаётган Ислом цивилизацияси марказидаги Қуръон зали ҳозирданоқ ҳамюртларимиз, айниқса чет эллик меҳмонларда катта таассурот уйғотмоқда.

       Қуръон зали Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг ўртасида жойлашган. Марказ ахборот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, ушбу мўътабар ва муҳташам зал cаккиз қиррали интерьерга эга бўлиб, диаметри 45 метр, умумий ҳудуди эса 1 638 метр² ни ташкил этади. Ўртада, 65 метр баландликдаги гумбаз остида VII асрда битилган ислом оламининг дурдонаси ҳисобланган Қуръоннинг энг қадимий нусхаси – Усмон Мусҳафи махсус витринада, Самарқанддаги Бибихоним масжиди ҳовлисида сақланаётган қадимий мармар лавҳга ўхшаш пюпитрда – махсус воситада намойиш этилади.

       Лавҳнинг тепа қисми устунли шаффоф гумбаз билан ёпилади. Шунингдек, у ерда Усмон Мусҳафи тарихини ёритиб берувчи матн жойлаштирилади. Қуръон жойлаштириладиган айвон ичига Саудия Арабистони Подшоҳи томонидан Ислом цивилизацияси марказига совға қилинган Каъбапўш бўлаги илинади.

      Зал деворларида Қуръони Карим оятлари туширилган 8,1х3,7 метр ўлчамдаги 8 та ипак гилам 4 та равоқда намойиш этилади. Гиламларга Усмон Мусҳафидан олинган оятлар битилади.

      Қуръони Каримнинг илмий асосланган 66 га яқин номи Усмон Мусҳафи тепасидаги гумбаз остидаги нақшлар қисмида ёзилади. Қуръон залида 24 соат давоми қориларнинг жонли тиловат қилиши учун махсус жой (ёки хона) ташкил этилади. Қуръон зали бўлимига кирувчилар учун махсус либос (дресс код) жорий қилинади.

      Гиламларнинг олд тарафидаги витриналарда аждодларимизга оид бўлган 114 қўлёзма Қуръонлар намойиш этилади. Залдаги бетакрор равоқлар орасида 4та, устунлар остида 8 та, жами 12 та витринада Қуръони Каримнинг қадимий қўлёзмалари факсимиле нусхалари жойлаштирилади.

      Ушбу ишни амалга ошириш учун Қуръон қўлёзмалари “114 Қуръон қўлёзмаси” деб номланган йирик лойиҳаси устида иш бошланган.Маълумки, Қуръони Каримда 114 та сура бўлиб, лойиҳа номидаги 114 сони суралар сонидан келиб чиқиб, шартли равишда танлаб олинган.