Ичан-Қалъа мажмуаси билан машҳур афсонавий Хива
Ичан-Қалъа мажмуаси билан машҳур афсонавий Хива
Мисрнинг “Эҳром дарвозаси” нашрида “Хива - Ўзбекистоннинг ёқут шаҳарлари остонаси” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Мақолада диёримизнинг ҳар йили минглаб туристларни қабул қилувчи энг йирик сайёҳлик манзилларидан бири бўлган Хива чиройли таърифланган.
Хиванинг табаррук номини дунё бўйлаб чоп этиладиган қомусий луғатлар, хариталар, глобуслар, тарихий ва жўғрофий рисолаларда учратиш мумкин. Шарқ экзотик шаҳри тимсолини сақлаб қолган афсонавий шаҳар – Ичан-Қалъа мажмуаси билан машҳур Хива Самарқанд, Бухоро ва Тошкент каби Ўзбекистоннинг йирик маданий марказларидан бири. Ўлканинг бой тарихи, маданиятини акс эттирган асосий ёдгорликлар Ўзбек хонликлари даврига тегишлидир.
Шунингдек, қадимий Хива UNESCO Жаҳон мероси рўйхатига киритилгани, шу боис барча диққатга сазовор жойлар халқаро ташкилот ҳимоясига олингани ҳам таъкидланган.
Дунёнинг қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарларидан бири сифатида Хива эндиликда “Осмон устуни” Бобил, дунё динлари шаҳри Қуддус, мусулмон олами қибласи Макка, Осиё ва Оврўпани бирлаштирган Истанбул, ер юзи сайқали Самарқанд, гўзал Рим, Олимпия ўйинлари ватани Афина қаторида тилга олинмоқда.