Ибн Синонинг жарроҳлик столи, Улуғбек расадхонасининг макети, Берунийнинг глобуси — ИЦМда болалар учун интерактив кўргазма

Ибн Синонинг жарроҳлик столи, Улуғбек расадхонасининг макети, Берунийнинг глобуси — ИЦМда болалар учун интерактив кўргазма

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилган навбатдаги илмий кенгаш йиғилишида марказ экспозициясини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган илмий ва инновацион ишлар юзасидан тақдимотлар бўлиб ўтди. Йиғилиш доирасида нафақат маҳаллий мутахассислар, балки бир қатор халқаро ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этди.

 

Хусусан, Буюк Британиянинг нуфузли “1001 ихтиро” ташкилоти раҳбари Салим Аҳмад йиғилишда иштирок этиб, болалар ва ўсмирлар учун ташкил этилаётган интерактив кўргазма лойиҳаси ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидлашича, мазкур кўргазма замонавий таълим талабларига жавоб берадиган, болаларда тарихий меросга қизиқиш уйғотадиган ва илм-фанга интилувчанликни кучайтиришга қаратилган махсус лойиҳа сифатида шакллантирилмоқда.

 

— Биз болалар учун Исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига оид энг қизиқ фактларни саралаб, кўргазмани интерактив ва ўқув материаллар билан бойитяпмиз. Ҳар бир экспонат, ҳар бир материал болаларни ўйлашга, сезишга, ҳаракат қилишга ундаши керак. Масалан, Ибн Синонинг интерактив жарроҳлик столи, Улуғбек расадхонасининг макети, Берунийнинг глобуси каби визуал ва амалий воситаларни жорий қиляпмиз,” — деди Салим Аҳмад.

 

Кўргазмада интерактив экранлар, тажриба зонаси, мусиқа ва анимацияли элементлар, махсус тайёрланган ўйинлар ва визуал эффектлар орқали болалар нафақат тарихий билимларни эгаллайди, балки амалий машғулотлар орқали уларни ҳис қилади. Масалан, болалар физика қонунларига асосан юкларни тарозида ўлчай олади, таълимий жонлантирилган персонажлар билан мулоқот қилиши мумкин бўлади.

 

Бунда ўзбек мутафаккирлари ва олимларининг меросига ҳам алоҳида ўрин берилган. Лойиҳадан ўрин оладиган тарихий сиймолар Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда расмий тасдиқланган визуал материаллар асосида ишлаб чиқилаяпти.

 

Таъкидлаш жоизки, Ислом цивилизацияси марказидаги мазкур кўргазма нафақат илк тажриба, балки таълимнинг янги босқичига қўйилаётган катта қадам сифатида баҳоланмоқда. Ушбу лойиҳа келгусида болаларда миллий ўзлик, тарихий мерос ва фанга қизиқишни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.