Хива – 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти
Хива – 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти
Ислом ҳамкорлик ташкилотининг XI сессияси доирасида илк бор Ўзбекистон шаҳарларидан бири – Хива 2024 йил «Ислом дунёсининг туризм пойтахти» дея эълон қилинган.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти бу танловнинг асосий омиллари сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан туризм соҳасида юритилаётган очиқлик сиёсати, маданий меросни сақлаш, тарихий шаҳарларни ободонлаштириш каби кўплаб ислоҳотларни эътироф этган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хива – 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти” халқаро тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2024 йил март ойида “Хива – 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти” шиори остида Хива шаҳрида халқаро тадбирнинг расмий очилиш маросими ҳамда май ойида Хива шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирларининг XII сессияси ўтказилади. Шу билан бирга, Ислом олами ва зиёрат туризми салоҳиятини очиб берувчи илмий-амалий анжуманлар, фотокўргазмалар ва арт-экспозициялар бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган „Ипак йўли“ халқаро туризм университети базасида Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатлари олим ва тадқиқотчилари иштирокида таълим соҳасидаги имкониятларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Хива - музей-шаҳар. Археологик тадқиқотларда аниқланишича, шаҳар камида 2500 ёшга кирган. Бу ҳисобга олинган ҳолда ЮНEСКО ташкилоти томонидан Хива қўриқхона аҳамиятидаги шаҳар деб эълон қилинган, шаҳарнинг ички қисми бўлган Ичан-қалъа эса жаҳон аҳамиятидаги тарихий ёдгорлик деб эътироф этилган. У аслида очиқ ҳаводаги бутун бир шаҳар амалда тарихий ҳолида сақланиб қолган дунёнинг бир нечтагина шаҳарларидан биридир.
Ўрта асрларда Хива алломаларнинг шаҳри бўлган. Бу ерда йирик фан марказлари фаолият юритган – астрономия, математика, тиббиёт ривожланган, буюк олимлар Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино яшаган ва ижод қилган Шарқ олимлари Маъмун академиясини ташкил қилганлар. Шарқда машҳур бўлган ХИХ аср шоирлари Шермуҳаммад Мунис ва Огаҳийлар бу ерда ўз асарларини яратганлар. Шаҳар «Хоразм воҳасининг дурдонаси» номига сазовор бўлган.