Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали ғолиблари
Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали ғолиблари

Бухоро шаҳрида 3-5 май кунлари бўлиб ўтган халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалида республикамизнинг барча ҳудудларидан 114 нафар заргар, 39 нафар зардўз, 90 нафар ҳунармандчиликнинг бошқа йўналишларида фаолият олиб бораётган ҳунарманд, шунингдек, 15 дан ортиқ заргарлик корхоналари қатнашди. Бундан ташқари, фестивалда 42 давлатдан 123 нафар нуфузли ва фахрий меҳмон, Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши вице-президенти, олимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, дизайнерлар ҳамда ҳунармандлар иштирок этди.
Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали доирасида ўтказилган ҳунармандлар кўрик-танлови қатнашчиларининг фаолияти халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.
Фестивалда ғолиб бўлган ҳунармандлар турли миқдордаги пул мукофотлари билан тақдирланди. Фаол иштирокчилар “Энг яхши зардўзлик ташкилоти”, “Энг яхши заргарлик ташкилоти”, “Энг яхши зардўз”, “Энг яхши заргар”, “Энг яхши зардўзлик мактаби устаси”, “Энг яхши заргарлик мактаби устаси”, “Зардўзлик бўйича қадимий сулола давомчиси”, “Заргарлик бўйича қадимий сулола давомчиси”, “Қадимий анъаналарни қайта тиклаган зардўз”, Қадимий анъаналарни қайта тиклаган заргар”, “Энг ёш маҳоратли зардўз”, “Энг ёш маҳоратли заргар” каби 12 номинация бўйича мукофотланди.
