Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги
Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги
17-26 октябрь кунлари юртимизда халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги шиори остида конференциялар бўлиб ўтади.
Пойтахтимиздаги “Ренессанс-холл” мажмуасида ташкил этиладиган халқаро анжуманларни ўтказишдан мақсад хорижий ва маҳаллий экспертлар, таҳлилчилар ўртасида Янги Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар, уларнинг моҳияти, эришилган ютуқлар, мамлакатда вужудга келаётган мутлақо янги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий макон ва муҳит, давлат ташқи ва ички сиёсатининг устувор вазифалари тўғрисида фикр алмашишдан иборат.
Ҳафталик доирасида нафақат мамлакатимиз учун балки, дунё ҳамжамияти учун ҳам муҳим ва глобал мавзуларга айланган “Яшил тараққиёт, хавфсиз туризм, озиқ-овқат хавфсизлиги, замонавий агротехнологиялар ва кичик бизнес соҳаларини ривожлантириш” ҳамда барчани бирдек ўйлантираётган масалалар – ташқи сиёсат: тинчлик, очиқлик ва тараққиёт йўлидаги келишувлар бўйича экспертлар таҳлиллари ва таклифлари билан танишиш мумкин.
Шунингдек, аҳоли фаровонлигини оширишда барқарор инвестицияларни жалб қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар, ёшлар сиёсати ва спорт соҳаларида Янги Ўзбекистон тажрибаси ва дунёдаги жараёнлар каби бир қатор масалаларга бағишланган мулоқотлар учун алоҳида платформа ташкил этилади.