“Гиламлар жилоси” халқаро кўргазмаси

“Гиламлар жилоси” халқаро кўргазмаси

yyvfavasvyyfvasafyavsa.jpg

 

      Хоразм вилояти Хива шаҳридаги “Арда Хива” туристик мажмуасида “Гиламлар жилоси” халқаро гилам кўргазмаси якунланди.

      Халқаро гилам фестивали мамлакатимизда ҳунармандчилик ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, гиламчилик соҳасини ривожлантириш ва миллий гилам маҳсулотлари бозорини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ва Хоразм вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

       Халқаро гилам кўргазмасида анъанавий ва замонавий интерьер гиламлари, табиий ипак ҳамда жундан тайёрланган маҳсулотлар намойиш этилди.

      Кўргазмада мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган ҳунармандлар, дизайнер ва тадбиркорлар билан бир қаторда Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Афғонистондан ташриф буюрган гиламдўзлар, соҳавий олимлар ҳамда санъат мутахассислари иштирок этди.

       Кўргазма доирасида ҳунармандлар маҳсулотларининг кўргазма-савдоси, Хоразм халфачилиги ва этно-дизайнерлар либослари намойишини ўз ичига олган маданий дастурлар, маҳорат дарслари ва илмий мулоқотлар ташкил этилди.

        Хоразм гиламчилик санъати ҳам кўп асрлик тарихга эга бўлиб, археологик топилмалар милоддан аввалги биринчи минг йилликка оид гилам намунасини тасдиқлайди. Буюк ипак йўлида жойлашган Хоразмнинг Хива гиламлари қадим-қадимдан Эроннинг “Саҳабийлар гилами”, Туркман гиламлари ёки Хитойнинг ипак гиламлари қаторида дунёнинг энг қиммат гиламлари қаторига кирган. Вилоятда тўқилган гиламларга ҳозир ҳам нафақат Ўзбекистонда, балки Туркия, Қатар, БАА ва Россия каби давлатларда ҳам талаб юқори.