Ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимида эришилган ютуқлар
Ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимида эришилган ютуқлар

2025 йил давомида ёшлар билан ишлаш соҳасида амалга оширилган чора-тадбирлар аниқ рақамлар ва сезиларли натижалар билан ўз тасдиғини топди. Йил давомида таълим, бандлик, тадбиркорлик, спорт ва ижтимоий фаоллик йўналишларида ёшлар учун кенг имкониятлар яратилди.
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан олиб борилган ишлар натижасида 414 мингдан ортиқ ёш бандлик ва тадбиркорлик дастурлари орқали қўллаб-қувватланди. Ҳаёт йўлида адашган 51 мингдан зиёд ёш билан тизимли ишлар ташкил этилди.
Йил давомида танловлар, фестиваллар, спорт ва таълим лойиҳалари орқали 20 миллиондан ортиқ ёш қамраб олинди. “Ибрат фарзандлари”, “Мутолаа”, “Устоз АI”, “Қизлар академияси”, “UzChess” каби лойиҳалар миллионлаб ёшларни билим ва ривожланишга ундади.
Ёшлар етакчилари тизими доирасида 338 нафар ёш етакчи юқори лавозимларга тайинланди, 295 нафари рағбатлантирилди, – деди агентлик ахборот хизмати раҳбари Нодиржон Абдуқодиров. – Шунингдек, 13 минг 213 нафар етакчи турли ўқув-семинарлар орқали билим ва малакасини оширди.
Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси орқали 1 300 дан ортиқ ёшга имтиёзли кредитлар ажратилди. “Кўмак” лойиҳаси доирасида эса чекка ҳудудларда ўқув маркази очаётган 100 нафардан ортиқ ёшга фоизсиз ссудалар берилди. “Yoshlar Ventures” орқали истиқболли стартапларга 161 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилди.