Давлат бюджетида аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган
Давлат бюджетида аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида “2026 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги ҳамда “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2026 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
“2026 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуннинг мақсади келгуси йил учун мамлакатнинг консолидациялашган бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қўмита аъзолари келгуси йил давлат бюджетида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, халқ фаровонлигини юксалтириш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ва ижтимоий соҳа мақсадларига устуворлик берилганини таъкидлади. Жумладан, Давлат бюджети харажатларининг қарийб 55 фоизи ёки 220 триллион сўми ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда.
2026 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 515,8 триллион сўм, харажатлар эса 567,6 триллион сўм миқдорида шакллантирилмоқда. Бунда консолидациялашган бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги назарда тутилмоқда.
2026 йилда солиқ сиёсатида асосий солиқ ставкалари қўшилган қиймат солиғи 12 фоиз, фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 1,5 фоиз, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ер солиғи 0,95 фоиз, ижтимоий солиқ 12 фоиз, айланмадан олинадиган солиқ 4 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.