“Даладан дастурхонгача” ягона тизими
“Даладан дастурхонгача” ягона тизими

“Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокамаси жараёнида мазкур ҳужжат Президентимиз илгари сурган “даладан дастурхонгача” тамойилини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаши қайд этилди.
Қонунга кўра, маҳсулотни етиштиришнинг барча жараёнларида хавфсизлигига эътибор қаратилади, бунинг устидан самарали назорат ўрнатилади. Шунингдек, санитария, ветеринария ва карантин соҳаларидаги лабораториялар фаолияти ягона тизим асосида ташкил этилади ҳамда улар рақамлаштирилади.
Қонунда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, масъул давлат органларининг ваколатлари ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлик механизмлари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қадоқлаш, тамғалаш, сақлаш, ташиш, реализация қилиш ҳамда уларнинг кузатиб борилишини таъминлаш бўйича ягона талаблар жорий этилмоқда. Шунингдек, халқаро амалиётда кенг қўлланиладиган хавфлар таҳлили ва критик назорат нуқталари тизимини татбиқ этиш орқали маҳсулотлар хавфсизлиги устидан назорат янада кучайтирилади.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонун аҳолини хавфсиз ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, озиқ-овқат билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиш, ишлаб чиқарувчилар учун аниқ ва шаффоф қоидаларни жорий этиш ҳамда маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.