“Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”
“Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” бўйлаб жойлаштириладиган миниатюраларнинг тайёрланиш жараёни билан танишиш учун олимлар, мутахассислар иштирокида оммавий ахборот воситалари вакилларига пресс тур ташкил этилди.
Иккинчи Ренессанс даври миниатюраларини ўз ичига олган “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” узунлиги қарийб 52 метр, бўйи бир метрли ганчкор безак билан ҳисоблаганда 5 метрни ташкил этади.
Девор бўйлаб жами 10 дан ортиқ миниатюра ўрин олади. Деворий суратнинг ҳажмини ҳисобга олган ҳолда миниатюраларни 50 га яқин рассомлар икки ойдан буён тиним билмай меҳнат қилмоқда.
Девордаги миниатюралардан Амир Темурнинг Мовароуннаҳр ҳукмдори деб эълон қилиниши ва унинг илм-фан, маданият ва меъморчилик ривожига қўшган ҳиссасига алоҳида эътибор қаратилади. Бу тарихий жараённи ифодалашда Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарининг Лондонда, Британия кутубхонасида сақланаётган нусхасидаги миниатюралардан фойдаланилган. Девор марказида Амир Темурнинг тож кийиш маросими акс этган “Балх қурултойи” миниатюраси жойлаштирган.
Асосий эътибор Амир Темурнинг маърифатпарвар ҳукмдор сифатидаги сиймосини кўрсатиб беришга қаратилади. Жумладан, ушбу йирик тасвирий санъат асарида Амир Темур даврида қурилган иморатлар тасвирланади. Шу билан бирга Самарқандда Беҳзод томонидан акс эттирилган Бибихоним масжидининг қурилиш жараёни ҳам алоҳида кўрсатилади. Мирзо Улуғбек ва унинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссасига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Улуғбекнинг ҳаётлигида чизилган иккита миниатюра – улардан бири Низомий “Хамса”сидан олинган миниатюра, иккинчиси Ас-Суфийнинг “Китаби сиварил-кавакиб ас-сабита” китобидаги Цефей юлдуз туркуми суратидир. Мирзо Улуғбекнинг асл қиёфасини тиклашда бу суратлар катта ўрин тутади. Шу боис рангтасвир асарида ушбу миниатюраларни ҳам акс эттириш назарда тутилади.