23-26 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси” VIII халқаро конгресси бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан пойтахтимизда ўтказилган матбуот анжумани ушбу нуфузли халқаро конгресснинг ташкил этилиши ва унинг мамлакатимиз бой маданий ва маънавий меросини тарғиб қилишдаги аҳамиятига бағишланди.
Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази томонидан 2024 йил 3-4 июль кунлари ўтказилган “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” форумида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг VIII конгрессини ўтказиш таклифи илгари сурилган эди. Форум иштирокчилари таклифи давлатимиз раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланиб, Вазирлар Маҳкамасининг “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси” VIII халқаро конгрессига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда Учинчи ренессанс пойдеворини яратиш бўйича улкан ишлар қилинмоқда. Илм-фан, таълим ва маданият ривожланмоқда. Бундан 7 йил муқаддам ана шу эзгу мақсадларни амалга ошириш учун Ўзбекисон Республикаси Президенти фармони асосида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил қилинган эди. Бугун бу борадаги ишлар ўз натижасини кўрсатмоқда.
23-26 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ҳамда «Eriell Group» нефть хизматлари компанияси билан ҳамкорликда VIII халқаро конгресси ташкил этилмоқда. Унинг асосий мақсади эса Янги Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар соҳадаги тараққиёт йўли, янги юксалиш даврида эришилаётган ютуқлар ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, халқимизнинг бой маданий ва маънавий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ҳамда оммалаштиришда маҳаллий олимлар ва халқаро илмий экспертлар ҳамжамияти билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдир.