Бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти

Бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти

 

20241213113220.jpeg

     Президент Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

     Тошкент шаҳридаги Юнусобод деҳқон бозори замонавий концепция асосида юқорига “ўстириш”, савдо ўринлари ва қулайликларни кўпайтириш режалаштирилган. Лойиҳага кўра, аввало, аслият сақлаб қолиниб, ҳозиргисининг ўрнида уч қаватли экобозор қурилади. Унинг ёнида қўшимча савдо маркази ҳамда заргарлик уйи барпо этилади. Энг муҳими, ушбу биноларнинг ерости қисми мингдан ошиқ автомобил сиғадиган тураргоҳ бўлади. Жами 4-5 минг иш ўрни очилади.

     Пойтахтимиздаги Абдулла Қодирий боғи ободонлаштирилади. Рельефдан тўғри фойдаланиб, яшил ҳудудлар кўпайтирилади. Сайр ва томоша жойлари, фавворалар, янги планетарий қурилади. Сайёҳларни жалб қилиш учун гастро-хол ташкил этилади. Бу Чорсу бозори, умуман, эски шаҳар билан янада уйғун бўлади.

     “Дўстлик” боғи ҳам янгиланиб, аҳолини ўзига жалб этувчи масканга айлантирилади. Сайр йўлаклари, сув ҳавзалари, дам олиш жойлари таъмирланиб, ўриндиқлар ўрнатилади. Оилавий кўнгилочар маскан ва болалар ижод маркази ташкил қилинади. Ёшлар учун скейт майдончаси, дарахтлар билан уйғун авиарий ҳамда томоша чархпалаги қурилади.

     Президентимиз ташаббуси билан 2019 йилда Тошкент шаҳрида “Наврўз” боғи барпо этилган эди. Ҳозирги кунда у шаҳар марказидаги обод ва гавжум максанлардан бири. Ташриф буюрувчиларга шароитларни янада кенгайтириш мақсадида бу ерда меҳмонхона, ёпиқ спорт майдончаси, ресторан, конференция зали бунёд қилиш кўзда тутилмоқда.

     Нурафшон ва Намангандаги “Янги Ўзбекистон” боғлари ёнида туризм марказлари ташкил қилинади. Уларда Шарқ бозори, ҳунармандчилик жойлари, амфитеатр, фаввора ва бошқа қурилмалар бўлади. Дарахтлар экилиб, яшил ҳудуд кенгайтирилади.

     Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни сифатли қилиш, боғларда аҳоли ва туристлар учун қулай шароитларни яратиш бўйича кўрсатмалар берди.