Бухородаги 829 та моддий маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган

Бухородаги 829 та моддий маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган

venovnolyvoyklyakpyukpyuk.jpg

            Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан Бухоро вилоятида жами 829 та моддий маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган. Шундан 287 та археология ёдгорликлари, 31 та мадраса, 105 та масжид, 14 та мақбара, 133 та архитектура ансамбллари (таркиби билан), 15 та карвонсаройлар, 4 та тим ва тоқлар, 18 та диққатга сазовор жойлар, 122 та қадимий уй-жойлар, 83 та архитектура ёдгорликлари, 17 та монументал ёдгорликлар ҳисобланади.

Беқиёс қимматга эга бўлган маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари умумжаҳон маданий мероси рўйхатига янги объектларни киритиш бўйича Президентимизнинг Зарафшон-Қайроқум (Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон) йўналишида жойлашган обидаларни ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш масаласида чора-тадбирлар кўриш топшириғига асосан Маданият вазирлиги, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия, Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармаси ҳамда Халқаро Марказий Осиё тадқиқотлар институти билан биргаликда вилоятда жойлашган Чор Бакр ва Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Вобкент минораси, Чашмаи Аюб ва Сомонийлар мақбараси, қадимги Пойкент, Варахша, Вардонзе ва Қўрғони Ромитан археология мероси объектларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритиш бўйича номзодлик ҳужжатлари маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида, илғор ва юқори технологик ускуналардан фойдаланган ҳолда тайёрланди ва Маданият вазирлигига юборилди.

Ҳозирга қадар вилоятдаги 14 та моддий маданий мерос объектлари ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятларини юклаган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларга ижарага берилган. Яна 25 та объектни инвестиция киритиш шарти билан ижарага бериш бўйича инвестицион таклифлар ишлаб чиқилган. Мазкур таклифлар тегишли ташкилотлар билан биргаликда салоҳиятли тадбиркорлар орасида тарғиб қилинмоқда.