“Бухоро – ислом цивилизацияси гавҳари”

“Бухоро – ислом цивилизацияси гавҳари”

 

 provovaorvaor.jpg

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро туризм ҳафталиги”ни ташқил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази томонидан Бухорода “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” тадбирлари бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради ЎзА.

Ҳафталик доирасида мамлакатимиздаги мавжуд зиёрат туризми имкониятидан янада унумли фойдаланиш, Ўзбекистон заминини дунё цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида намоён қилиш, жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотларнинг юқори эътирофларига сазовор бўлиш, шунингдек, зиёрат туризми хизматларини диверсификация қилиш ва туризм экспортини ошириш мақсадида “Бухоро – ислом цивилизацияси гавҳари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. 

Халқаро конференцияда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбарлари ва илмий жамоаси, қатор халқаро ташкилотлар, ислом дунёсининг нуфузли шахслари, чет давлатларнинг зиёрат туризми масъуллари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик вакилллари иштирок этди. 

Анжуманда 30 га яқин маҳаллий ва хорижий тадқиқотчи олим, халқаро илмий-тадқиқот марказлари, зиёрат туризми йўналишидаги соҳа мутахассислари, вазирлик ва идоралар вакиллари жаҳон ва миллий туризм ривожланишида янги трендлар, туризм йўналишидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, зиёрат туризми имкониятлари ва мавжуд камчиликлар, Ислом цивилизацияси маркази фаолияти юзасидан маърузалар ўқишди. 

Марказ музейи фонди ва экспозициясини шакллантириш мақсадида музей фондига қабул қилинган тарихий ашёлар, макет ва муляжлар, Қуръони каримнинг нодир қўлёзмасидан иборат коллекция ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Тадбир доирасида Ислом цивилизацияси маркази томонидан нашр қилинган илмий-маърифий китоблар кўргазмаси ташкил этилди.