Бобур туғилган кун — 14 февраль адабиёт ва илм-маърифат байрами

 

Бобур туғилган кун — 14 февраль адабиёт ва илм-маърифат байрами

 

 vaprvypuvkp.jpg

 

Мустақиллик даврида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг асарларини юртимиз ва хорижий давлатларда тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 январдаги “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори буюк аждодимиз асарларининг миллий ва умуминсоний моҳиятини, унинг ёш авлодимиз интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш, Бобур Мирзонинг илмий ва ижодий меросини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда янада чуқур ўрганиш ва тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шоир туғилган кун — 14 февраль санаси ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб адабиёт ва илм-маърифат байрами сифатида нишонланмоқда.

Тошкент ва Андижон шаҳарларида Бобур Мирзонинг муаззам ҳайкаллари ўрнатилгани, унинг туғилиб ўсган юрти – Андижон шаҳрида Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ва унинг тасарруфидаги “Бобур ва жаҳон маданияти” китоб музейи фаолият кўрсатаётгани, “Бобур энциклопедияси”, “Бобур куллиёти”, “Бабур. Бабуриды. Библиография” деб номланган салмоқли асарларнинг нашрдан чиқарилгани, “Бобур ва дунё” журналининг ташкил қилингани маданий ҳаётимизда катта воқеа сифатида эътироф этилмоқда.