Бизнинг тарихимиз, маданиятимиз, қалбимиз муштарак
Бизнинг тарихимиз, маданиятимиз, қалбимиз муштарак
Расмий ташриф билан мамлакатимизга келган Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси раиси Нуман Куртулмуш бошчилигидаги делегация 23 май куни Самарқандда буюк муҳаддис Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиш билан бирга бу ерда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.
Ислом оламида муҳаддислар султони деб эъзозланадиган аллома мангу ором топган масканни унинг шуҳратига монанд зиёратгоҳга айлантириш борасидаги ишлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Нуман Куртулмуш мажмуа дунё мусулмонлари зиёрат қилишни истайдиган энг қутлуғ масканлардан бирига айланишига ишонишини таъкидлади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти, улуғ алломалар илмий меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш борасидаги ишлар ҳам Туркия парламенти вакилларига манзур бўлди. Кейинги йилларда марказ ходимлари томонидан қадимий қўлёзмалар асосида тайёрланган, бошқа тиллардан таржима қилинган китоблар муқаддас Ислом дини асл моҳиятини очиб бериши, ҳадис ва бошқа диний асарларни асл манбалари асосида ўрганиш имкониятини бериши таъкидланди.
Мартабали меҳмон Ўзбекистоннинг қадимий ва бой маданиятга, аждодлардан қолган улкан маънавий меросга эга эканлигига амин бўлганлиги, Президент Шавкат Мирзиёев бежиз Учинчи ренессанс ғоясини ўртага ташламаганлигит, бугун Ўзбекистонда илм-фан, маданиятни юксалтириш борасидаги ислоҳотлар бунга кенг йўл очаётганлиги эътироф этди.
Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси делегацияси аъзолари Амир Темур мақбараси, Регистон мажмуаси, Хўжа Аҳрор Валий зиёратгоҳи ва бошқа тарихий-маданий ёдгорликларда бўлиб, аждодларимиз ноёб ақл-заковати, бунёдкорлик салоҳияти ифодаси бўлган объектларни ҳайрат ва ҳавас билан томоша қилдилар.