Биринчи Ренессанс даврига оид лойиҳалар
Биринчи Ренессанс даврига оид лойиҳалар
Марказий Осиёда IX–XII асрлар Уйғониш - Ренессанс даври маданияти шаклланиб, равнақ топган давр сифатида тарих саҳнасидан жой олган.
Биринчи Ренессанс Марказий Осиёда IX–XII асрларда рўй берди. Бу даврда давлатни бошқариш сиёсати, ер-сув, солиқлар билан боғлиқ фармонлар чиқарилиши, олимларга муносабат кишиларда эртанги кунга ишонч уйғотди. Уларнинг турли фан соҳалари (математика, астрономия, тиббиёт, ҳуқуқ, кимё, геодезия ва дунёнинг тузилиши ҳақидаги илмлар)га қизиқиши ортишига сабаб бўлди.
Бу даврда яшаб ижод этган Муҳаммад Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Замахшарий каби мутафаккирлар, имом Бухорий, имом Термизий каби буюк муҳаддислар, Мотуридий, Абулмуин Насафий каби мутакаллимлар ҳамда улардан таҳсил олган шогирдлари, сафдошлари табиий ва аниқ фанлар доирасида, ислом дини осмонида юлдуздай чарақлади. Уларнинг изланишлари, кашфиёт ва беқиёс ғояларидан бутун дунё баҳраманд бўлди. Бугунги кунга қадар ҳам уларнинг ўлмас меросидан фойдаланиб келинмоқда.