Барча динлар ўртасида уйғун муносабатлар Бутунжаҳон ҳафталиги

Барча динлар ўртасида уйғун муносабатлар Бутунжаҳон ҳафталиги

  cucucuapegoengs.jpg

 Бирлшган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 77-сессиясида ялпи мажлисида ”Динлараро ва маданиятлараро мулоқот ва бағрикенгликни қўллаб-қувватлаш" резолюцияси қабул қилинди.

Резолюция 49 та давлат, шу жумладан  Ўзбекистон томонидан тайёрланди. Резолюцияни тайёрлашда шунингдек,Туркия, Озарбайжон, Хитой, Покистон, Баҳрайн, Иордания, Ироқ, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари , Ўмон, Саудия Арабистони, Қатар ва Кувайт, айрим Африка давлатлари, Марказий Осиёнинг барча давлатлари ҳаммуаллиф сифатида қатнашди.

Резолюцияда Қуръонни таҳқирлаш ҳолатлари, диний камситиш, нафрат ва зўравонлик ҳолатлари кўпайганидан хавотир билдирилган. Резолюциянинг асосий мақсади ва чорлови – диний рамзлар, муқаддас китоблар, уй-жой, корхоналар, мулк, мактаблар, маданият марказлари ёки ибодат жойларига қарши қаратилган зўравонлик ҳаракатларини, шунингдек, халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда диний обидалар, диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳларга ҳужумларни қоралашдан иборат.

Резолюция билан ҳар йили февраль ойининг биринчи ҳафтасини барча динлар, конфессиялар ва конфессиялар ўртасида уйғун конфессиялараро муносабатлар Бутунжаҳон ҳафталиги деб эълон қилиниши қўллаб-қувватланди.

Ҳозирги глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик муаммоси жаҳон ҳамжамияти давлатлари учун ғоят долзарб масалалардан бири ҳисобланади. 1995 йил 16 ноябрда БМТнинг фан, таълим ва маданият бўйича ихтисослашган ташкилоти ЮНЕСКО томонидан Бағрикенглик принциплари декларациясининг қабул қилиниши бунинг ёрқин далилидир. Ушбу декларацияда эътиқод ва виждон эркинлигига ҳам эътибор қаратилган. Унинг 1-моддасида, бағрикенглик ўзимиз яшаб турган дунё маданиятининг бой ва хилма-хиллиги, инсон индивидуаллигининг намоён бўлиш шакллари ва усулларини ҳурмат қилиш, уни қабул қилиш ва тўғри тушуниш ҳамда виждон ва эътиқод эркинлиги сифатида изоҳланган.

Бош қомусимизда мамлакатимизда яшаётган барча миллат вакиллари миллати, тили, эътиқоди, ижтимоий холатидан қатъий назар Ўзбекистон ҳалқини ташкил қилиши ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек эътиқод эркинлиги мустаҳкамланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар”. Асосий қонунимизда ушбу ҳуқуқнинг акс эттирилиши мамлакатимизда инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланишининг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.