Бағрикенглик – тинчлик, фуқаролар ҳамжиҳатлиги, миллатлар ва динлар аро тотувлик гарови
Бағрикенглик – тинчлик, фуқаролар ҳамжиҳатлиги, миллатлар ва динлар аро тотувлик гарови

Маълумки, 1995 йил 16 ноябрда БМТ ҳузуридаги ЮНЕСКО ташкилоти томонидан Бағрикенглик (толерантлик) декларацияси қабул қилинган. Ушбу ҳужжатга 185 давлат, жумладан Ўзбекистон ҳам қўшилган. Эътироф этиш жоиз, тарихан халқимиз хулқ-атвори ва дунёқарашида бағрикенглик тамойили устувор.
Заминимизда ҳеч қачон динлар, миллатлар аро курашга йўл қўйилмаган. Қатор олижаноб сифатлар – меҳмондўстлик, сабр-тоқат, меҳнатсеварлик, ҳамжиҳатлик бутун ўтмишимиз давомида, айниқса Иккинчи жаҳон уруши йилларида яққол намоён бўлган. 2018 йил августда Нью-Йоркда бўлиб ўтган, 80 дан зиёд давлат вакиллари иштирок этган халқаро анжуманда айнан Ўзбекистон бағрикенглик ва тотувлик борасида ўрнак давлат сифатида эътироф этилиши юқоридаги мулоҳазаларга мантиқий жавоб бўла олади.
Ушбу масала моҳиятининг ҳаётий долзарблигидан келиб чиқиб, бир неча йилдан буён Миллий университет Тарих факультети Ўзбекистоннинг энг янги тарихи кафедраси ҳамда Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик илмий маркази томонидан қатор халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказиб келинмоқда.
Бу йилги анжуман учун “Бағрикенглик – тинчлик, фуқаролар ҳамжиҳатлиги, миллатлар ва динлар аро тотувлик гарови” мавзуси танланди. Тадбирда диёримиз бағрикенглик юрти экани таъкидланиб, толерантликнинг замонавий дунёда тутган ўрни, Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётидаги аҳамияти, жаҳонда бу масалага эътибор каби муҳим масалалар муҳокама этилди.
Анжуманда Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров ва Марказ жамоаси, шунингдек республикамизнинг кўплаб таниқли олимлари, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Эрон, Франция, Польшадан келган олимлар иштирок этди.