“Бағрикенглик ҳафталиги”
“Бағрикенглик ҳафталиги”

Мамлакатимизда 11-16 ноябрь кунлари бу йилги Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилмоқда.
Мамлакатимизда олиб борилаётган янгиланиш жараёнларида миллатлараро тотувликни таъминлаш, жамиятимизда ижтимоий барқарорлик, ўзаро меҳр ва оқибат, инсон шаъни, қадр-қимматини улуғлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу ерда яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элатларнинг вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари тақдим этган тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳада, илм-фан ва маданият йўналишларида самарали меҳнат қилмоқда. Ватанимиз равнақи, унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга, республиканинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва имижини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Бир неча йилдирки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда “Бағрикенглик ҳафталиги” юқори савияда ва баланд руҳда ўтказилмоқда. 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига уйғун тарзда нишонланиб келинаётган ушбу маърифий ҳафталик миллатлар ва диний конфессиялар ўртасида ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ёшларни энг эзгу ва олижаноб ғоялар асосида камолга етказиш борасида Ўзбекистон томонидан тўпланган ижобий тажрибани жаҳон миқёсида намойиш этишга имкон бермоқда. Айни пайтда бу борадаги эзгу ва ибратли ишлар дунёнинг аксарият давлатлари учун намуна эканини бугунги кунда кўплаб халқаро ташкилотлар, йирик олимлар, экспертлар юксак эътироф этмоқда.
11-16 ноябрь кунлари мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида маҳаллалар, таълим даргоҳлари, мактаблар, олий ўқув юртларида миллатлар ўртасидаги тотувликни асрашга оид турли тадбирлар, иншолар танловлари, “Миллий анъана ва удумлар” номли кўргазмалар, мусиқий тадбирлар, шеърхонлик кечаларини ўз ичига олган “Бағрикенглик фестиваллари” ўтказилади.