Бадиий ижодда тасвирий санъатнинг ўрни
Бадиий ижодда тасвирий санъатнинг ўрни
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 июлда қабул қилган “Тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори нафис санъат соҳасида янги тараққиёт йўлини бошлаб берди.
Ушбу қарор Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини янада ривожлантириш ва жаҳон миқёсида оммалаштириш, истеъдодли ёш рассомларни қўллаб-қувватлаш, бадиий таълим соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш тизимини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштиришдек эзгу мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятли бўлди
Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ҳудудида қўшимча бино қурилади. У ерда миллий усулда қоғоз тайёрлаш бўйича юридик шахс мақомига эга бўлмаган ўқув-ишлаб чиқариш устахонаси ташкил этилади.
Павел Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби ҳудудида қўшимча 400 ўринли ўқув биноси қурилади. Шу билан бирга мазкур мактаб ҳудудида 200 ўринли ўқувчилар турар-жой биноси барпо этилади. Тошкент Фотосуратлар уйида Мультимедиа маркази барпо этилади.
Бадиий ижодкорлар уюшмаси ёш аъзолари учун рассомлар ижодий устахоналари йўлга қўйилади. Уюшма тавсиясига кўра, Бадиий академия бошқаруви кенгаши қарорига мувофиқ, мазкур ижодий устахоналар ёш рассомларга муайян муддатга текинга фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади.
2026 йилдан бошлаб Бадиий академия ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда ҳомийлар ва халқаро грантлар ҳисобидан ҳар йили танлов асосида Рассомлик маҳорати устахонаси стажёрлари, энг истеъдодли ёш рассом, ҳайкалтарош, дизайнер, реставратор, санъатшунос ва музейшуносларни хорижий мамлакатларда малака ошириш ва стажировкага юбориш амалиёти йўлга қўйилади.
Ўзбекистон Бадиий академиясининг юзлаб ижодий-маърифий лойиҳалари бор. Тасвирий ва амалий санъат фестивали, халқаро биенналелар, ТУРКСОЙ рассомларининг халқаро кўргазмалари, “Тошкент қувончлари” халқаро болалар расмлари кўргазмаси, ижодий танловлар, бир-бирини такрорламайдиган кўргазмалар, форум ва анжуманлар давлатимизнинг кўмаги билан муваффақиятли ўтказилмоқда. Ушбу ижодий лойиҳалар воситасида миллий тасвирий санъатимиз, ундаги ижодий жараёнлар республика ва жаҳон миқёсида фаол тарғиб этилмоқда.