Аждодлар меросига эҳтиром ва эътиборнинг ёрқин тимсоли
Аждодлар меросига эҳтиром ва эътиборнинг ёрқин тимсоли
Ўзбекистон бир неча минг йиллик улуғвор ва муҳташам тарихга эга. Унинг турли даврларида улкан цивилизациялар, йирик империялар, азим шаҳарлар ва бебаҳо меъморий обидалар вужудга келган. Айниқса, буюк аждодларимиз томонидан яратилган тенгсиз маданий мерос инсоният тарихида ўчмас из қолдирган.
Ана шундай улуғвор ва бой маданий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва уни оммалаштириш бўйича мамлакатимизда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов билан суҳбатимиз ҳам ана шу хусусда кечди.
- Фирдавс Фридунович, сиз узоқ йиллардан бери Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб этиш борасида қатор лойиҳаларни амалга ошириб келасиз. Шу сабабли, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида иш бошлаш сиз учун қийинчилик туғдирмаган бўлса керак?
- Дарҳақиқат, дунёда бизнинг Ватанимиздек бой, серқирра ва бетакрор меросга эга бўлган давлатлар бармоқ билан санарли. Шу сабабли, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бой меросимизни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ана шу йўналишда ўнлаб қарор ва фармонлар қабул қилинди. Бу улуғвор мақсадни амалга оширишга нафақат давлат идоралари, балки жамоат бирлашмалари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар ҳам фаол қатнашмоқда. Биз ҳам бу борада Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти фаолияти доирасида бир қанча лойиҳаларни амалга оширяпмиз.
Жумладан, роппа-роса етти йил муқаддам, яъни 2017 йилнинг 23 июнь куни Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши бу борада улуғ қадамлардан бири бўлди. Ўтган етти йил мобайнида марказ томонидан сезиларли ишлар амалга оширилди. Марказ биноси учун пойтахтимизнинг қадимий маънавий масканларидан бири - “Ҳазрати Имом” мажмуасига ёндош ҳудуддан қарийб 10 гектар ер ажратилган. Уч қаватли марказ қадимий мадрасаларимиз услубида қурилмоқда. Қурилиш ва пардозлаш ишлари узлуксиз давом эттирилмоқда. Унинг ҳар бир даврвозаси юртимизнинг Самарқанд, Бухоро, Қўқон, Шаҳрисабз, шунингдек, Қорақалпоғистондаги қадимий обидаларнинг меъморчилик услуби ва анъаналарини ўзида қамраб олган.
Марказда 70 нафар атрофида яқин олим ва мутахассислар фаолият олиб боради. Аммо муҳтарам Президентимиз томонидан қўйилган улкан вазифаларни бажариш учун юзлаб олимлар, тадқиқотчилар, маҳаллий ва хорижий экспертларнинг ёрдами керак бўлади. Шундай экан, Марказий Осиёда ягона бўлган ушбу марказ фаолиятини мувофиқлаштириш, бу ерда аждодларимизнинг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссасини намойиш қилишга қаратилган музей экспозиццияларни ташкил қилиш, қадимий қўлёзмаларни жамлаш ва ўрганиш, кенг кўламли тадқиқотлар олиб бориш, йирик лойиҳаларни ишга тушириш борасида куч ва имкониятларни бирлаштирадиган пайт келди, деб ўйлайман.
Шу сабабли, ўтган бир ойдан кўпроқ вақт мобайнида аввал марказ ходимлари иштирокида, кейин пойтахтимиз ва ҳудудлардаги тадқиқотчилар ва экспертлар иштирокида семинарлар ўтказдик.
3-4 июль кунлари Тошкентда республикамиз миқёсида ўтказилган “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” Биринчи олимлар форуми ана шу ўтган вақт давомида қилинган ишлар билан бирга олдимизда турган вазифалар сарҳисобига бағишланди, дейиш мумкин. 500 га яқин шарқшунос, тарихчи, қуръоншунос ва санъатшунос олимлар, тадқиқотчи ва экспертларни қамраб олган форумда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалари, келгуси режалари, ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар муҳокама қилинди. Иштирокчилар икки кун давомида ўнта шўъбада ўз маъруза ва лойиҳаларини, таклиф ва мушоҳадаларини баён этишди.
- Форумда тақдим этилган ҳар бир лойиҳа бўйича фикр-мулоҳазалари тингланди. Улар орасида қайсиларини алоҳида аҳамиятга эга деб ҳисоблаш мумкин?
-Масалан, Имом ал-Бухорий илмий-тадқиқот марказида инновацион музей ташкил қилиш таклифи кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Тан олиш керак, қўлимизда бевосита Имом ал-Бухорий даврига оид бирор бир тарихий экспонат мавжуд эмас. Аммо бугунги инновациялар, ахборот технологиялари ёрдамида музейга ташриф буюрувчиларни буюк аждодларимиз яшаган давр ва муҳитга олиб кириш мумкин. Бу тажрибадан дунёнинг қатор музейлари фойдаланмоқда. Интернет, ижтиомий тармоқлар, мультимедиа маҳсулотлари даврида бундай услуб хорижлик меҳмонларни, ёш авлод вакилларини бефарқ қолдирмайди. Улар виртуал ўлчамдаги кўзойнаклар, махсус “вақт капсуласи” ёрдамида бундан бир неча аср аввалги даврга саёҳат қилиш баробарида, ўша пайтда юз берган ренессанс жараёнлари, ота-боболаримиз амалга оширган ихтироларга виртуал тарзда гувоҳ бўладилар.
Бундан ташқари, Оқсарой, Шоҳи-Зинда, Регистон, Гўри Амир сингари тарихий мажмуаларимизда аудивизуал экспозициялар, 3D ўлчамидаги видеоконтентларни томошабинларга тақдим этиш бўйича ҳам таклифлар билдирилди. Сомонийлар, Қорахонийлар, Темурийлар, Шайбонийлар сингари сулолалар даврида бунёд этилган кўпгина меъморий ёдгорликларнинг механизми, ўша пайтдаги қурилиш материаллари ва техникалари ҳозирга қадар соҳа мутахассисларини ўйлантириб келмоқда. Асрлар давомида турли табиий офатлар ва техноген жараёнларга бардош бериб келаётган бу иморатларнинг сирини ўрганиш ҳам алоҳида тадқиқотларни талаб этади.
“Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳасининг интерактив талқинини яратиш ҳам кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланди. Ислом цивилизацияси марказида ташкил қилинадиган Қуръон зали бўйича ҳам турли таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Бу ерда Ислом маданиятининг нодир намунаси - “Ҳазрати Усмон мусҳафи” билан бирга дунёдаги энг нодир Қуръон қўлёзмалари факсимиль нусхаларини жойлаштириш, залда Қуръони каримнинг мунтазам жонли ёки аудио-қироатини ташкил қилиш, Қуръони каримнинг нозил қилиниши, юртимиздаги нодир мусҳаф қўлёзмалари тарихи билан боғлиқ видеороликларни намойиш қилиш, болалар ва ёшлар учун алоҳида контентлар яратиш юзасидан билдирилган таклифлар ҳам қизғин қабул ыилинди.
-Яқинда Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш мамлакатимизда ташрифи чоғида ушбу марказ фаолияти билан танишиб, бу борада қилинаётган ишларга юксак баҳо берган эди...
-Маълумки, Президентимиз 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа сифатида эътироф этган эди. “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади” деган эди Президентимиз ўзининг тарихий маърузасида. Бугун бу фикр қанчалик ҳаққоний экани жаҳон миқёсида ўз исботини топмоқда.
30 июнь куни Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Бош котиби Антониу Гутерриш мамлакатимизга ташрифи чоғида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб, бу ерда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечираркан, юртимизда маданий меросни асраб-авайлаш ва тарғиб қолишга қаратилаётган эътиборга юқори баҳо берди. БМТ Бош котиби дунёда исломофобиянинг турли кўринишлари авж олаётган бир пайтда Ўзбекистон раҳбари бошчилигида катта илмий-маърифий муассасанинг барпо этилиши, исломнинг асл мазмун-моҳиятини ифодалашга ҳаракат қилиниши жуда улуғ иш эканини алоҳида таъкидлади. Бу эса, ўз навбатида давлатимиз раҳбари етти йил аввал БМТнинг юксак минбарида туриб илгари сурган хайрли ташаббуснинг муносиб эътирофи бўлди, дейиш мумкин.
-Бугун хорижий олим ва мутахассислар Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси ривожидаги ўрнини муносиб баҳолашмоқда. Шу нуқтаи назардан уларнинг фикр ва қарашлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ривожида алоҳида ўрин тутса керак?
-Дунё тарихида илк Шарқ Уйғониш даври - Мусулмон Ренессанси давомида бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти, муқаддас ислом дини ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган. Хусусан, Хоразмда ташкил этилган Маъмун академияси, Самарқандда юзага келган Мирзо Улуғбек илмий мактаби, Хуросонда Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро сингари буюк аждодларимиз шакллантирган маданий муҳит вакиллари ўзларининг бой маънавий мероси билан дунёга донг таратганлар.
Бу тарихий ҳақиқатни бугун дунёнинг энг таниқли олимлари, мутахассислари ҳам эътироф этишмоқда. Жумладан, АҚШдаги Марказий Осиё ва Кавказ тадқиқотлари институти раҳбари Фредерик Стар ўзининг “Йўқолган тамаддун изидан” номли асарида Марказий осиёлик алломаларнинг жаҳон илм-фан тараққиётига қўшган ҳиссасини ҳаққоний ва холисона эслаб ўтади. Ҳали буюк географик кашфиётлар давридан юз йиллар илгари ўзбек олими Абу Райҳон Беруний уммон ортида йирик қитъа мавжудлигини илмий асослар ёрдамида исботлаб берганди. Ўз навбатида, 1492 йилда ойлаб Атлантика океанида адашиб юрган Христофор Колумб Аҳмад ал-Фарғонийнинг илмий қарашлари асосида Америка қирғоқларига етиб борганини ўз кундаликларида битиб қолдирган.
Буюк британиялик тадқиқотчи олим Миляна Радзиевович ҳам сўнгги йилларда Наманган вилоятидаги Ахсикент ёдгорлигини ўрганиш бўйича тадқиқотлар олиб бормоқда. У тез орада замонавий технологиялар ёрдламида шаҳарнинг илк ўрта асрлардаги қиёфасини 3D ўлчамида қайта тиклаш лойиҳасини тақдим этди. Шунингдек, олима ўрта асрлар қуролсозлигида тенгсиз бўлган Дамашқ қиличлари учун сифатли пўлат аслида Ахсикентда қуйилганин ҳам илмий жиҳатдан исботламоқда.
Таъкидлаш лозимки, ана шу бетакрор илмий мероснинг барча қатламлари ҳали тўлиқ ўрганилмаган ва ўз тадқиқотчиларини кутмоқда. Биргина мамлакатимиз китоб фондларида сақланаётган 100 мингдан зиёд қўлёзма асарлар ҳам шундан далолат беради.
Муҳтарам Президентимиз бир ой муқаддам диний-маърифий соҳалар мутахассислари билан ўтказилган учрашув чоғида ҳам ана шундай буюк мутафаккирларнинг асарларини аҳоли, айниқса, ёшларимиз орасида кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш зарурлиги ҳақида сўз борди. Давлатимиз раҳбари бу ишларда халқимиз ва хорижликларни аждодларимизнинг бебаҳо мероси билан кенг таништиришга, маърифатли ислом ғояларини илгари суришга хизмат қиладиган Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ва ривожлантиришда фаол иштирок этиши муҳимлигини таъкидлади.
-Бу борада халқаро ташкилотлар билан алоқаларни кенгайтириш бўйича нималар қилиш муҳим деб ўйлайсиз?
-Дарҳақиқат, маҳаллий ва чет эллик мутахассисларни кенг жалб этган ҳолда, илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, Мусулмон Ренессанси даврида илм-фан, маданият ва санъат, меъморчилик ривожи тўғрисидаги кенг қамровли маълумотлар бериш, динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни самарали йўлга қўйиш мақсадида UNESCO, ISESCO, IRCICA каби халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш марказ фаолиятида алоҳида ўрин тутади.
Айни пайтга қадар марказ хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан 40 дан зиёд ҳамкорлик меморандуми имзолаган. Ўтган етти йил давомида марказ ташкилотчилиги ва ҳамкорлигида 150 дан ортиқ халқаро тадбирлар ташкил қилинди ҳамда 40 га яқин хорижий делегация ташриф буюрди.
Яқинда Бирлашган Араб Амирликларининг “Ҳидоя” Ашаддий экстремизмга қарши кураш маркази раиси, доктор Али Рошид ан-Нуаймий бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди. Делегация вакиллари 27 июнь куни Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар. “Ҳидоя” маркази раиси икки мамлакат ўртасида ислом маданий меросини чуқур ўрганиш, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик ғояларини кенг миқёсда тарғиб этиш борасида ҳамкорликни кучайтириш бўйича ўз таклифларини билдирди.
Жорий йилнинг август ойида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтиши кўзда тутилган “Ўзбекистон маданий мероси - Учинчи ренессанс асоси” мавзусидаги халқаро конгрессни айнан Ислом цивилизацияси марказининг келгуси фаолиятини такомиллаштириш, марказ фондини бойитиш, келгусидаги вазифаларни аниқ белгилаш, халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга бағишламоқчимиз. Мазкур конгрессда дунёнинг 60 га яқин давлатидан Ўзбекистон маданий меросини тадқиқ этиш билан шуғулланиб келаётган 450 нафардан ортиқ олимлар, йирик кутубхоналар, музейлар, илмий муассасалар раҳбарлари, таниқли коллекционерлар таклиф этилади.
Биз бундан кейин ҳам Ўзбекистон маданий мероси, хусусан, халқимизнинг Ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини тадқиқ этаётган олимлар, йирик ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича жадал иш олиб боряпмиз.
-Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Рустам Жабборов суҳбатлашди.