Aсрлар хазинаси
Aсрлар хазинаси
Aбу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида дунёдаги энг бой қўлёзма фондлардан бири сақланади. Фонд бу ердаги ноёб дурдоналар сони, мавзу, тил ва даврий хилма-хиллиги, ўзига хос китоб зийнати билан ҳам машҳур. У 2000 йилда ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилган. Бугунги кунда ушбу фондда араб ёзувидаги 26 мингдан зиёд қўлёзма ва 40 мингга яқин босма китоб ва 5000 дан зиёд тарихий ҳужжатлар мавжуд.
Улар орасида илмий ва бадиий аҳамиятга молик манбалар кўп. Шулардан “Куллиёти Румий” номли туркум қўлёзмалар ҳам 2023 йилда ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилди.
Фондда Х – ХХ асрларга оид эски ўзбек, араб, форс, урду, пушту, озарбайжон, турк, татар, туркман, уйғур ва бошқа шарқ тилларида ёзилган асарлар сақланади. Улар ўрта аср ва ундан кейинги даврдаги фаннинг тарих, адабиёт, фалсафа, ҳуқуқ, фалакиёт, кимё, табобат, география, доришунослик, тил, мусиқа, математика, маъданшунослик каби соҳаларига бағишланган.
Ушбу асрлар хазинасидан барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказида ҳам кенг фойдаланилади.