“Яшил” энергетика сари
“Яшил” энергетика сари

2025 йилда глобал энергетика соҳасига инвестициялар ҳажми 3,3 триллион АҚШ долларига етади. Шундан 2,2 триллиони “яшил” технологияларга тўғри келади. Мазкур жараёнларда Ўзбекистоннинг энергетика соҳасидаги режалари ўз вақтида қабул қилинган стратегик қадам сифатида намоён бўлмоқда.
Барқарор энергетика мувозанатини таъминлаш учун ядро, шамол, қуёш ва гидроэнергетика каби самарадорлиги исботланган технологияларни ўзаро уйғунлаштирган комплекс ечимлари талаб этилади. Шу маънода, Ўзбекистон қуёш, шамол ва ядро энергетикасини биргаликда ривожлантириб, барқарор энергетика мувозанати томон изчил ҳаракат қилмоқда.
Ўзбекистон сўнгги йилларда илгари сурилаётган ташаббус ва ҳамкорликлар асосида жахон энергетик ўтиш жараёнида ўзининг алоҳида йўналишини шакллантирмоқда. Бугунги кунда жаҳон энергетика мувозанатининг 10 фоизидан ортиғи ядро энергетикаси ҳисобига таъминланмоқда. Ўзбекистон эса бу борада нафақат талабни шакллантираётган, балки барқарор ривожланишнинг амалий моделини таклиф этаётган давлатлар қаторига киради.