Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори

Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори

ldzldzldzldzldzd.jpg

 

      Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 33 йил тўлмоқда. Бу муддат йиллар, асрлар суронида жуда қисқа фурсат, албатта. Бироқ унинг мамлакат ривожи, халқимиз турмуш фаровонлиги, ҳуқуқларини таъминлашдаги ўрнини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

       Маълумки, юртимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи томонидан ёқлаб овоз бериш орқали қабул қилинди. Бош қомусимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича барча орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топди.

      Ўтган қисқа вақт мамлакат учун муҳим ўзгаришлар даврига айланди.

      Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий янгиланишларга асос бўлган ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг демократик ислоҳотлардан асло ортга қайтмаслигини, қонун устуворлиги ва барқарор ривожланишга мудом интилишини тасдиқлайди.  

       Конституциямизнинг «халқ конституцияси» деб аталиши ҳақли. Унинг яратилиши жараёнида 5 миллиондан ортиқ юртдошимиз лойиҳа билан танишгани, 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани, шунингдек, умумхалқ референдумида иштирок этган фуқароларнинг 90 фоиздан зиёди янги таҳрирдаги Конституцияни қўллаб овоз бергани бунинг ёрқин далилидир. Бу фаоллик халқимизнинг ўз келажагига, мустақил Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси юксак даражада эканини намоён этади. Асосий қонунимиз ҳақиқатан ҳам халқ иродасини ифодалашини яна бир бор тасдиқлайди.

       Конституциянинг энг муҳим жиҳати шундаки, унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида эътироф этилган. «Инсон–жамият–давлат» тамойилининг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши натижасида давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий қиёфаси тубдан ўзгарди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари қонунларимиз ҳамда ҳар бир давлат органи фаолиятининг асосий мазмунига айланди.