«Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари»
«Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари»

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш мақсадида “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ва “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларини йўлга қўйишни тавсия қилган.
Ўтган давр мобайнида жойларда Олимпия ўйинлари тизимидан жой олган 10 та спорт тури бўйича “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаларининг биринчи босқичи уюшқоқлик билан ташкил этилди.
Мазкур спорт тизимининг йўлга қўйилиши натижасида юртимизнинг чекка-чекка туманларида, маҳалла ва қишлоқларида истиқомат қилаётган оилалар, уларнинг фарзандлари қалбида спортга меҳр уйғонди.
“Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаларининг 1-босқич мусобақалари ҳудудларнинг спорт инфратузилмасидан келиб чиқилиб, 53 та ҳудудга тақсимланган масканларда зўр иштиёқ билан ташкил этилди. Муросасиз баҳслар натижасида бокс, оғир атлетика, таэквондо, дзюдо, эркин ва юнон-рум курашлари, енгил атлетика, стол тенниси, баскетбол 3х3 ва бадиий гимнастика бўйича маҳоратли ёшлар сараланди. Уларда 1-3-ўринларни эгаллаган ёш чемпионлар 2-босқич мусобақаларида қатнашиш ҳуқуқига эга чиқди.
Миллий олимпия қўмитасида тегишли вазирлик ва идораларнинг масъуллари, спорт федерацияларнинг вакиллари, мураббий ва мутахассислар, ҳудудлардаги дахлдор ташкилот вакиллари онлайн тарзда қатнашган йиғилишда “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақасининг иккинчи босқичини белгиланган тартиб-қоидалар бўйича ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
2-босқич мусобақаларида 1-ўринни эгаллаган спортчилар “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақасининг декабрь ойида ташкил этиладиган “Президент олимпиадаси”да тўғридан-тўғри қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади.