Анъанага кўра, Мустақиллик байрами арафасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кўплаб янги ишлаб чиқариш корхоналари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, турар жойлар фойдаланишга топширилади.
Анъанага кўра, Мустақиллик байрами арафасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кўплаб янги ишлаб чиқариш корхоналари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, турар жойлар фойдаланишга топширилади.

Хоразмда ҳам истиқлолнинг 34 йиллиги нишонланаётган айни кунларда байрамга туҳфа сифатида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ижтимоиий-иқтисодий йўналишларда 34 та объект ишга тушди.
Мустақилликнинг дастлабки йилида Хоразм вилоятида етиштирилган пахта толасининг атиги бир фоизи қайта ишланган экан. Кейинги 8 йилда давлат раҳбарининг топшириқлари билан пахта-тўқимачилик кластерлари таркибида янги лойиҳаларни ишга тушириш, мавжуд корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ҳисобига бу кўрсаткич бугунги кунга келиб 93 фоизга етди. Йил охиригача ишга тушириладиган янги қувватлар ҳисобига ушбу рақам ҳали янада ортади. Бу эса экспорт учун янги имкониятлар, валюта тушуми, бюджетга қўшимча даромад, янги иш ўринлари демакдир.

Жумладан, Боғот туманидаги пахта тўқимачилик кластерига тегишли “Коботекс” корхонасининг ишга туширилаётган қўшимча лойиҳасининг умумий қиймати 24 миллион доллар бўлиб, энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган цехларда йилига 8 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилади. Натижада корхонанинг экспорт имконияти 10 миллион долларга ортади. Мамлакатимиз бюджетига йилига 15 миллиард сўм қўшимча маблағ тушади. Энг муҳими, 350 нафар боғотлик йигит-қиз шу ерда доимий иш билан банд бўлди.
-Цехларимизга Швейцариядан энг сўнгги русумдаги дастгоҳларни ўрнатганмиз,-- дейди корхона таъсисчиси Алишер Собиров.-- Бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулот халқаро стандартларга тўла жавоб беради ва дунё бозорида бемалол рақобатлаша олади. Шунингдек, бу ерда тайёр трикотаж кийим-кечаклар ишлаб чиқариш цехи ҳам фаолият юритяпди. Келгусида сифатли маҳсулотларимиз билан харидорларимиз ишончини оқлаймиз.
Корхонанинг очилиш маросими тантанали ўтди. Унда вилоят ҳокими, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Меҳмонлар корхона имкониятлари, иш жараёнлари билан танишдилар. Шунингдек, тадбир якунида бир гуруҳ пахтачилик фермер хўжаликлари раҳбарларига замонавий пахта териш машиналари ҳам топширилди.
Хонқа туманидаги “Хонқа биллур салт” корхонасида халқаро сифат сертификатига эга бўлган 10 хил турдаги туз маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Байрам арафасида корхонада умумий қиймати 10 млн доллар бўлган, йилига 60 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга янги лойиҳа ишга туширилди.
Янги цехда вакуум-буғланиш усулида соатига 5 тонна экстра туз ишлаб чиқарилади. Технологик ускуналар Туркиядан олиб келинган бўлиб, яна 70 нафар ёшлар доимий иш билан таъминланади. Ушбу экстра туз нафақат озиқ-овқат, балки текстиль саноатида ҳам ишлатилади.
Хомашё Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманидаги корхонанинг ўзига тегишли кондан қазиб олинади. Янги қувватнинг ишга туширилиши кенг тантана қилинди. Унда сўз олганлар юртимиз иқтисодиётида тадбиркорликнинг ўрни ва ишбилармонларга яратилган имконият ва имтиёзлар хақида гапирдилар.
Урганч шаҳрида эса “Артон Ургенч Инвест” МЧЖ томонидан автоклав усулида газоблок ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 16 миллион доллар бўлиб, қуввати йилига 200 минг метр куб газоблок ишлаб чиқаришга мўлжалланган.
-Технологик ускуналар Хитойдан келтирилган бўлиб, зарур хомашё ресурслари: кварц қум, оҳак, цемент, гисп маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинади,-- дейди “Артон Ургенч Инвест” МЧЖ бош директори Зойиржон Арипов.--Йилига 3 млн долларлик маҳсулотни Марказий Осиё давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган. Лойиҳа ишга тушиши билан 200 нафар ёш учун янги иш ўрни очилмоқда. Йилига 3 миллион долларлик маҳсулотларни Марказий Осиё давлатларига экспорт қилишни режалаштирганмиз.
Маҳсулотни ғишт билан солиштирганда 45 фоиз тежамкорликка эришилар экан. Корхонанинг очилиш маросимида иштирок этганларга бу борада тўлиқ маълумотлар берилди.
Ишга туширилаётган мазкур лойиҳалар, ижтимоий- иқтисодий объектлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилашга, вилоят иқтисодиётининг юксалишига хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари