Алишер Навоий

Алишер Навоий

 

ayvpaayvpayavpyv.jpg

 

     Ўзбек адабиёти ва маданияти тарихидаги улуғ сиймо -  шоир, мутафаккир, жаҳон адабиётининг етук сиймоларидан бири, давлат арбоби, файласуф  Алишер Навоийни замондошлари “Низомиддин Мир Алишер” деб улуғлаганлар.

     Алишер Навоий 1441 йил 9 февраль куни Хуросон давлатининг пойтахти — ҳозирги Афғонистон ҳудудидаги Ҳирот шаҳрининг Боғи Давлатхона мавзесида туғилган.

     XV асрнинг етук адабиётшунос олимларидан бири бўлган Давлатшоҳ Самарқандий "Тазкирот ун-шуаро"да ("Шоирлар тазкираси") Навоийнинг отаси ҳақида “Навоийнинг отаси Абдулқосим Бобурнинг ишончли кишиси Чиғатой улуси улуғларидан эди” дея қисқача маълумот бериб ўтган. Шу билан биргаликда у Ғиёсиддин Муҳаммаднинг ҳарбий бўлганини ҳам таъкидлаган.

     Бўлажак шоирнинг шеъриятдаги биринчи устозлари тоғаси Мир Саййид Қобулий ва Муҳаммад Али Ғарибийлар бўлган. Навоий улар ҳақида “Мажолис-ун нафоис”да, хусусан, Қобулий ҳақида: “Яхши табъи бор эрди, туркчада майли кўпроқ эрди…” дея, Ғарибий ҳақида эса: “Хуш муховара (хушсуҳбат) ва хушхулқ ва дардманд йигит эрди. Кўпроқ созларни яхши чалар эрди. Уни ва усули хўб эрди. Мусиқий илмидин ҳам хабардор эрди…”дея қисқача тўхталиб ўтган.

     1447 йилда Шоҳрух Мирзо вафот этади. Темурий шаҳзодалар ўртасида тож-тахт учун уруш кетиб, юртда талотўплар бошланганда Алишер Навоийнинг оиласи ҳам кўп инсонлар қатори юртни тарк этади. Йўлда ёш Алишер буюк тарихчи Шарафиддин Али Яздийни учратади. Тарихчи Алишер билан танишади, унинг илми ва фаросатини олқишлайди, дуо қилади. 1452 йили Шоҳрухнинг набираси Абулқосим Бобур Ҳирот тахтига ўтиради. Ғиёсиддин Муҳаммад Сабзавор шаҳрига ҳоким етиб сайланади, бироқ орадан кўп ўтмай вафот этади. Бу вақтда эса Алишер эндигина 12 ёшга қадам қўяди. Абулқосим Бобур Алишер ва унинг мактабдош дўсти Ҳусайн Бойқарони ўз қарамоғига олади. 1457-1463 йилларда Навоий Машҳад мадрасаларида таълим олади.

     1463 йилда эса Ҳиротга қайтади. Хуросон пойтахтида Султон Абу Саид ўз тартибини ўрнатган, муҳим вазифаларга у билан Мовароуннаҳрдан келган кишилар тайинланган, Алишер Навоий га яқин кишилар қувғин қилинган, Ҳусайн Бойқаро билан бирга кетган тоғалари — Мирсаид ва Муҳаммад Али урушда ҳалок бўлган, яшаш учун бирон жой топиш муаммо эди. Алишер Навоийнинг ўша кунлардаги аҳволи унинг кейинчалик устози Саййид Ҳасан Ардашерга Самарқанддан ёзган мактубидаги шеърий сатрларда ниҳоятда таъсирли ва ҳаққоний ифодалаб берилган.

       Бу вақтда мамлакатда таниқли шоир бўлиб қолган Алишер Навоийни Абу Саид таъқиб қилиб, Ҳиротдан чиқариб юборади. Шоир Самарқандга кетишга мажбур бўлади. Алишер Навоий Самарқандда 1465 йилдан 1469 йилнинг баҳоригача яшади, Фазлуллоҳ Абу Лайс мадрасасида ўқиб, турли фанларга оид билимларини янада чуқурлаштирди.

      Алишер Навоийнинг ўзбек тилида яратган шеърий мероси асосан "Хазойин ул-маоний" девонига жамланган. Асар 4 қисмдан иборат. Девоннинг биринчи қисмига "Ғаройиб ус-сиғар" ("Болалик ғаройиботлари"), иккинчи қисмига "Наводир уш-шабоб" ("Йигитлик нодиротлари"), учинчи қисмига "Бадоеъ ул-васат" ("Ўрта ёш бадиалари") ва ниҳоят, тўртинчи қисмига "Фавойид ул-кибар" ("Кексалик фойдалари") деган номлар берилди.

        "Хазойин ул-маоний" инсон боласининг мураккаб ва юксак тафаккури ҳамда беҳисоб ҳис-туйғулари билан боғлиқ мингларча шеър ва ўнларча шеър турларини ўз ичига олган мажмуа бўлиб, Шарқ адабиёти тарихида ноёб ҳодисадир. Бу хил мажмуа Алишер Навоийга қадар Амир Хисрав Деҳлавий томонидангина тузилган. Ушбу девонга кирган мингларча шеърларни Алишер Навоий бутун умри давомида турли шароитларда, ҳар хил сабаблар билан ёзган бўлиб, улар шоир ҳаёти ва у яшаган давр билан сонсиз-саноқсиз иплар орқали боғланган. Алишер Навоий "Хазойин ул-маоний" га қадар "Илк девон", "Бадоеъ ул-бидоя", "Наводир ун-ниҳоя" девонларини тузган. "Хазойин ул-маоний" ана шу 3 девонга кирган ҳамда "Наводир ул-ниҳоя" тузилгандан кейин ёзилган шеърлар асосида юзага келган.

       "Хазойин ул-маоний"даги 4 девоннинг ҳар бирида 650 тадан 2600 ғазал, умуман 4 девонда 210 қитъа, 133 рубоий, 86 фард, 52 муаммо, 13 туюқ, 10 мухаммас, 10 чистон, 5 мусаддас, 4 таржеъбанд, 4 мустазод, 1 мусамман, 1 таркиббанд, 1 қасида, 1 маснавий, 1 соқийнома мавжуд бўлиб, Шарқ шеъриятининг 16 тури намоёндир.

      1472-1476-йилларда биринчи девони “Бадоеъ ул-бидоя” (“Бадиийлик ибтидоси”) девонини шоҳ амри ва истаги билан ўзи китоб қилади. Мазкур девон 777 ғазал, 85 рубоий, 52 муаммо, 46 қитъа, 53 фард, 10 туюқ, 10 луғз, 3 мустазод, 5 мухаммас, 3 таржеъбанд, 2 мусаддасдан таркиб топган.

      Алишер Навоий бутун ижоди давомида турли жанр ва йўналишларда салмоқли ижод қилган. Насрда ҳам, назмда ҳам етук асарлар яратган. Насрда Навоий асосан ижтимоий-сиёсий, ахлоқий-таълимий ва илмий-фалсафий, иқтисодий йўналишларда қалам тебратган.

      1500 йилларда шоирнинг ҳаёт шароити қийинлашади. Саломатлиги ёмонлашади, бироқ у ижоддан тўхтамайди. 1501 йил 3 январда Навоий касалликдан вафот этади. Бутун Ҳирот халқи буюк шоири учун 7 кун давомида мотам тутади.