Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун янги ҳуқуқий тартиб яратилади
Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун янги ҳуқуқий тартиб яратилади

Шу йил 12 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Яширин иқтисодиёт улушини сезиларли даражада қисқартириш, солиқ солиш базасини кенгайтириш, жисмоний шахслар учун қонуний фаолиятнинг жозибадорлигини ошириш йўлида қабул қилинди.
Тадбиркорлик қилмоқчи бўлган ҳар қандай шахс учун янги давр бошланди. Маълумки, Президентимизнинг 12 августда “Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва унда якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун 2026 йилнинг 1 январидан янги ҳуқуқий тартиб яратилади.
Бу шуни англатадики, энди тадбиркорлар ўзининг 1 миллиардгача бўлган айланма маблағидан бор-йўғи бир фоиз миқдорида солиқ тўлаши белгилаб берилди. Буни эса махсус платформа орқали амалга ошириш мумкин, яъни, масалан мобиль илова яратилиб, у орқали Face-ID билан рўйхатдан ўтилади. Якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс йўналишини белгилаб туриб, тадбиркорга айланиш мумкин.
Қулайлик томони шундаки, тадбиркорда ортиқча жавобгарликлар бўлмайди. Яъни солиқ ҳисоботларини тадбиркорнинг ўзи топширмайди. Мазкур қарор орқали солиқ ҳисоботларини тадбиркор учун платформа эгалари топширади ва жавобгарликни олади.
Тадбиркордан эса платформа орқали маҳсулот сотаётганда QR-код орқали рўйхатдан ўтказиш сўралади, холос. Бу орқали платформа сиз учун ҳисоблашни бошлайди. Тадбиркорлар энди мана шундай имкониятлардан фойдаланадиган кунларга ҳам етди.
Бундан ташқари, биламиз, электрон “кошелёк”лар бор. Бунда якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтилгач, якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс банкка бориб, ҳисоб-китоб очишга ҳожат йўқ. Ўша платформада сизга электрон "кошелёк" очилади. Унинг банкдаги ҳисоб рақамингиз билан ҳуқуқий мақоми бир хил бўлади. Бунда тадбиркор маблағни электрон "кошелёк"ка тушириши ва истаган жойга ўтказиши ёки нақд шаклда олиши мумкин.
Бу платформа яна қандай қулайлик яратади, деган савол туғиладиган бўлса, айтиш мумкинки, турли шартномаларни, ҳисоб рақам қоғозлари ва далолатномаларни ҳам шу орқали шакллантириш мумкин. Қарорда белгиланганидек, булар имзоланган қоғозларга тенглаштирилган ҳужжат ҳисобланади.
Яна бир қулайлик эса тадбиркор ишчиларни Face-ID орқали расмийлаштириб қабул қилиш имконига эга бўлади. Уларга тўланадиган маошни истаса кунлигини кунда бериши ҳам мумкин. Бунда ишчи-хизматчилардан олинадиган даромад солиғини ҳам платформанинг ўзи ташкил қилади.
ЎзА мухбири Абдулазиз РУСТАМОВ ёзиб олди.