АЙСЕСКО раҳбари бошчилигидаги ҳайъат ташрифи
АЙСЕСКО раҳбари бошчилигидаги ҳайъат ташрифи
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига IСESCO) раҳбари Салим ибн Муҳаммад Ал-Малик бошчилигидаги ҳайъат ташриф буюрди.
Меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг қурилиш жараёни билан танишдилар. Марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов меҳмонларга муассасанинг тарихи, фаолияти ва келгусидаги вазифалари ҳақида батафсил маълумот берди. Меҳмонлар ташриф чоғида давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказнинг 2-қаватида хорижий ташкилотлар учун ажратилган жойлар, жумладан, ICESCO учун ажратилган махсус офис билан ҳам танишдилар.
— Бу марказ қурилишини эшитгандим, аммо бу қадар маҳобатли эканлигини ўйламагандим. Оддий қурилиш бўлаётгандир, деб ўйлагандим. Лекин кўрдимки, жуда кенг қамровли иш олиб бориляпти. Ўзбекистон раҳбариятининг, маданий меросни ўрганишга, ислом тамаддунига давлат даражасида бундай эътибор қаратаётгани жуда мени ҳайратлантирди ва қувонтирди. Давлатингиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жуда катта амалий иш бўлаётганига амин бўлдим. Дунёнинг кўплаб давлатларида бўлганман, аммо ислом маданияти ва цивилизациясига юксак эътиборни Ўзбекистонда кўрдим”, — деди Салим ибн Муҳаммад ал-Малик.
Мартабали меҳмон Марказда ICESCO ташкилоти учун ажратилган хона ва яратилаётган шароитлар учун Президент Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорчилик билдириб, келгусида Ислом цивилизацияси марказида ICESCO‘га аъзо давлатлар мутахассислари учун фан, маданият ва бошқа соҳаларда илмий-тадқиқотлар олиб бориш, йирик форум ва симпозиумлар ташкил этиш ташаббусларига хайрихоҳлигини маълум қилди.

ICESCO раҳбари Ўзбекистонда ўтказилиши кутилаётган буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳаёти ва ижодига бағишланган халқаро конференцияга қизғин тайёргарлик кўрилаётганига ҳам тўхталди. Ўз навбатида Марказ директори ҳам бу конференция жуда аҳамиятли эканлигини қайд этган ҳолда унга тайёргарлик ишларида ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилди.
Салим Ал-Малик Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олимлари ва тадқиқотчи ходимлари учун ICESCO эшиклари ҳар доим очиқ эканлигини маълум қилди. Шунингдек, учрашув давомида иккита йирик ташкилот ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Марказ директори мартабали меҳмонни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маданий меросни ўрганиш, тадқиқ қилиш, изланишлар олиб борилиши доирасида амалга оширилган ишлар билан ҳам таништирди. Хусусан, ноёб қўлёзмаларнинг факсимил нусхаларини тайёрлаш, нашриёт ишлари каби йўлга қўйилган бир қатор лойиҳалар доирасида Ер юзидаги энг қадимий нусхалардан бири ҳисобланган Катта Лангар Қуръонининг тарқалиб кетган қўлёзмалари тадқиқ қилингани, Ўзбекистон ва Россияда сақланаётган саҳифалари ягона жилдда чоп этилгани ҳақида ҳам маълумот берди. Мулоқот чоғида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ICESCO раҳбарига ана шу Катта Лангар Қуръонининг факсимил нусхасини ҳадя қилди.
— Мен давлатингиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида илм-фан, маърифат, маданий мерос, ислом қадри қиммати учун яратилаётган эътибордан мамнун бўлдим. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази бунинг яққол исботи ва намунаси эканлигини англадим. Дунёнинг жуда кўп давлатларида ҳукумат ва давлат раҳбарларидан кўплаб совғалар олганман, лекин Катта Ланган Қуръони факсимилеси туҳфаси мен учун ҳаётимдаги энг қимматлиси бўлди, — деди Салим Ал-Малик.