“Яхшилар ривояти ва фикрлар баёни”

“Яхшилар ривояти ва фикрлар баёни”

sdrthtydkdtsrhergdrthdtjdsrgerger.jpg

Юртимизда ноёб  бой қўлёзмалар жамланган бўлиб, уларнинг бир қисми Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхона-музейида сақланади. Улардан бири - Маҳмуд аз-Замахшарийнинг   “Рабиъ ул-аброр ва нусус ул-ахёр” (“Яхшилар ривояти ва фикрлар баёни”) қўлёзма асаридир.

 

Замахшарий – Ўрта Осиёлик аллома, араб тилшунослиги ва грамматикаси асосчиси, хаттот, араб-форс-туркий луғатларнинг муаллифидир. У милодий 1075 йил 18 мартда Хоразмнинг қадимги Замахшар қишлоғида туғилиб, бошланғич сабоқни отасидан олганлар. Илм-фанни чуқур ўрганиш мақсадида Бухорода бир қанча муддат Хоразмшоҳлар даврида ижод билан машғул бўлади.

 

Замахшарий Марв, Нишопур, Исфаҳон, Сурия, Боғдод, Ҳижоз ва икки марта Макка шаҳрида бўлган. Қаерда бўлишидан қатъи назар, араб тили луғати ва грамматикасини, маҳаллий аҳоли шевалари, мақоллари, урф-одатларини чуқур ўрганишни давом эттирган.

 

Аз-Замахшарий мантиқ, грамматика, дин, луғатлар, адабиёт, педагогика, тарих ва жўғрофияга оид 60 дан ортиқ асарлар ёзиб, илм-фан соҳасига катта ҳисса қўшади. Унинг асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Бугунги кунда «ал-Кашшоф» қўлёзмасининг 100 дан ортиқ нусхаси ва унга ёзилган 20 дан ортиқ шарҳлари дунё фондларида сақланмоқда.

dthjfykjugilguilfdtjhsergsersh.jpg

“Яхшилар ривояти ва фикрлар баёни”да борлиқ ҳодисаларининг ҳикматлари ҳамда дин ва дунё одоблари баён этилган. Шунингдек, асарда адабиёт, тарих ва бошқа фанларга оид ҳикоялар, латифалар, суҳбатларнинг энг саралари жамланган.

 

Унинг ёзилган санаси ҳозирча номаълум. Китоб яхши сақланган, муқоваси қоғоз картон, орқа жилди эса матодан қилинган. Саҳифаларнинг ҳолати бутун, лекин тешилган ва йиртилган жойлари бор.

 

Асар 5 та бўлимдан иборат бўлиб, 98 та бобни ўз ичига олади (баъзи олимлар эса “92 бобдан ташкил топган” ҳам дейишган). Ўлчами бўйи 26,5 см. 17,5 см. 5,5 см.саҳифаларсони 403 та. Насх хатида ёзилган. Бу китобнинг қўлёзма нусхаси дунёда кам топилади. Тошбосма нусхаси Байрут шаҳрида 1991-1992 йиллар (1412-1413 ҳижрий)да нашр қилинган.

 

Бу асарнинг нодир қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институтининг асосий фондида ҳам 2384-инвентар рақами остида сақланади. Шунингдек, Голландиянинг Лейден шаҳри ва Германиянинг Берлин шаҳри кутубхоналарида ҳам ушбу асарнинг қўлёзмалари мавжуд. Шунингдек, Қоҳира, Табриз ва Бағдод шаҳарларида форс тилига таржима қилинган, тўрт жилдли нусхалари ҳам мавжуд.