Ахсикент ёдгорлиги
Ахсикент ёдгорлиги

Наманган вилоятидаги Ахсикент ёдгорлигида очиқ осмон остидаги музейлар барпо этиш ишлари жадал давом этмоқда.
Ҳозирда қадим тамаддун ўчоғининг X-XII асрларда фаолият юритган ер ости сув иншоотининг кузатув пункти, биринчи шаҳристоннинг XIII асрнинг бошларига оид Хоразмшоҳлар даврида қурилган мудофаа девори ва турар жой қолдиқлари, XI-XII асрларга оид пишиқ ғиштдан қурилган гумбазли тагхона ва маҳобатли турар жой қолдиқлари, Фарғона водийсида илк бор топилган Қорахонийлар даври деворий расм намуналари, X-XII асрларда фаолият кўрсатган ер ости сув иншоотининг шохобчаси қолдиқлари, шаҳарнинг эрамиздан аввалги III-I асрларида қурилган маҳобатли мудофаа деворлари ва ерости сув йўли, XI-XII асрларга оид маҳобатли турар жой қолдиқлари аниқланган қазув объектларини устини ёпиш ва очиқ осмон музейларига айлантириш учун қизғин иш бошланган.
Ахсикентда барпо этилаётган ушбу очиқ осмон остидаги музейлар ўзига хослиги билан жаҳон меъморчилигида алоҳида ўринга эга бўлади. Бу ёдгорлик мажмуасини илм билан, пухта ёндашув билан барпо этиш бўйича Президент Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида тавсиялари бор.
Ахсикент ва Ахсини дарё ёқалаб боғловчи 4 километрлик масофада тарих ва табиатни уйғунлаган ҳолда туризм йўли барпо этиш режалаштирилган бўлиб, бу Умаршайҳ Мирзо Фарғонани бошқарган қадим манзилдаги музей, илмий марказ, ҳунармандчилик устахоналари, кутубхона, зиёратгоҳ ва хонақоҳни ўз ичига олган йирик мажмуа Ахсикент ёдгорлиги билан яхлит уйғунликда гавжум туризм масканига айланади.




