Адабиёт ва санъат байрами
Адабиёт ва санъат байрами
Бўстонлиқ туманида Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов хотирасига бағишланган фестиваль – адабиёт ва санъат байрами ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан биргаликда ташкил этилган тадбирда Эркин Воҳидовнинг фарзандлари, адабиётшунослар, ёзувчи ва шоирлар, ёш ижодкорлар, вилоят зиёлилари, ёшлар қатнашди.
Фестивалнинг очилиш маросимида чинакам маънода адабиётимиз ва маданиятимизнинг тимсолига айланган истеъдодли адибнинг хотирасига бағишланган фестиваль иштирокчиларига давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг табриги ўқиб эшиттирилди.
Ушбу ижодий фестиваль ҳар йили ўтказилиши лозимлиги таъкидланди. Атоқли шоирнинг ғазаллари асосида қўшиқлар танлови ўтказилаётгани ва ҳудудда адиб номи билан янги боғ ташкил қилингани алоҳида эътироф қилинди.
Фестивалда улуғ шоирнинг халқимиз кўнглидан жой олган ҳаёт гўзаллиги, инсон ҳаёти маъноси, маънавий камолот йўллари теран ифодаланган шеърларидан намуналар ўқилди.
Эркин Воҳидов қаламига мансуб “Олтин девор”, “Руҳлар исёни”, “Матмуса” ва бошқа саҳна асарларидан парчалар намойиш қилинди.
Фестивалнинг фаол иштирокчилари тақдирланди.