Абу Али ибн Сино – тиббиёт жавоҳири

Абу Али ибн Сино – тиббиёт жавоҳири

fvapfvpvpyfyvkp.jpg 

     Самарқанд давлат тиббиёт университетида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Самарқанд давлат тиббиёт университети ва Ибн Сино жамоат фонди билан ҳамкорликда Абу Али ибн Сино таваллудининг 1044 йиллигига бағишланган “Абу Али ибн Сино – тиббиёт жавоҳири” III халқаро халқ табобати илмий-амалий анжумани ўтказилди.

     Жаҳон тиббиётига улкан ҳисса қўшган буюк бобокалонимиз меросини ўрганиш ва кенг татбиқ қилишга қаратилган  анжуманда юртимиз ҳамда Корея, Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Австрия, Россия каби 12 та мамлакатдан элликдан ортиқ мутахассис иштирок этди.

     Анжуманда сўзга чиққанлар тиб илмининг султони Абу Али ибн Синонинг кўп қиррали ва бугунги кун учун ўта ҳамиятли бўлган фаолиятига юксак баҳо беришди.

     Тадбирда хорижлик мутахассислар томонидан маҳорат дарслари, амалий кўникмалар намойиш этилди. Шунингдек, “Абу Али ибн Сино таълимоти ва ҳадисларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантиришдаги ўрни”, “Ибн Синонинг анъанавий тиббиёт ғоясини Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига жорий этиш”, “Халқ табобатида доривор ўсимликларни стандартлаштиришнинг долзарб масалалари”, “Туркия доривор ўсимликлари ҳақида маълумот”, “Анъанавий тиббиётнинг яхлит асослари” сингари долзарб мавзулар юзасидан маърузалар  тингланди.

      Анжуман доирасида бир қатор келишувларга эришилди. Жумладан, Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳамда Жанубий Кореянинг “Комста” компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган меморандум имзоланди.