Абадий дўстлик декларацияси
Абадий дўстлик декларацияси
Ҳар бир тошида карвонлар изи қолган, ҳар бир шамоли ҳануз мумтоз шеърият янграётган қадим шаҳар- Хўжанд минтақавий сиёсат тарихидаги бурилиш нуқтасига айланди. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон Президентлари давлат чегараларининг туташ нуқтаси ҳақидаги шартномани имзоладилар.
Шу куни “Абадий дўстлик тўғрисида”ги Хўжанд декларацияси ҳам қабул қилинди, рамзий Дўстлик стеласи ўрнатилди. Мамлакатлар ўзаро ратификация ҳужжатларини алмашди. Бу муждалар муборак Наврўз кайфияти билан уйғун рўй берди. Наврўз – янгиланиш, кун-тун тенглиги, умид рамзи. Хўжанддаги сиёсий баҳор ҳам айни мазмунга уйқашиб кетди.
Хўжанд шартномаси – минтақавий бирдамликнинг пойдевори бўлди. Саммитда биринчи марта “Марказий Осиё Шенгени” ғояси расман тилга олинди. Бу – виза талаб қилинмайдиган макон, божхона ва миграция сиёсатини уйғунлаштириш лойиҳасидир.
Бугун интеграциянинг мантиқий босқичига айланмоқда. Минтақада қўшма ярмаркалар ўтказилмоқда: Хўжанд, Андижон, Ўш, авто ва темир йўл қатнови йўлга қўйилган: Душанбе – Фарғона, Ўш – Тошкент. 2024 йилнинг ўзида 20 дан зиёд янги авиарейс очилди. Талабалар алмашинуви кўлами жадал кенгаймоқда.
Мазкур жараён — ўзаро ҳурматга асосланган, ихтиёрий ва эркин ҳамкорлик майдони яратиш мақсадини акс эттиради.