Абадий дўстлигимизнинг амалий ифодаси
Абадий дўстлигимизнинг амалий ифодаси
18-22 июль кунлари мамлакатимизда «Қирғизистон маданияти кунлари» бўлиб ўтади.
Ўзбек ва қирғиз халқларининг тили, анъана ва урф-одатларидаги муштараклик халқларимиз ўртасидаги биродарлик, дўстлик, қардошлик ришталарини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Охирги етти-саккиз йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан дунё мамлакатлари, айниқса, туркий тилли давлатлар билан алоқалар янгича тараққиёт босқичига чиқди.
Мамлакатимизда беш кун бўлиб ўтадиган «Қирғизистон маданияти кунлари» қамровининг кенглиги, тадбирларнинг ранг-баранглиги билан аҳамиятлидир. Салкам бир ҳафта давомида ўзбек-қирғиз санъат усталари иштирокидаги концерт дастурлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида икки қардош юрт ижод аҳлининг учрашуви, Маданият вазирлигида расмий мулоқот ўтказилади. Шунингдек, «Қирғиз кино кунлари»нинг очилиши, пойтахтимиздаги «Мовий гумбазлар» хиёбонида эса «Қирғиз овули» номли кўргазма ва концерт бўлиб ўтади.
Маданият кунлари дўстлик, биродарлик, аҳиллик байрами сифатида ҳам кенг нишонланади. Қардош юрт санъаткорлари пойтахтимиздаги диққатга сазовор масканлар – Ҳазрати Имом мажмуаси, Темурийлар тарихи давлат музейи, Амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи, Бухородаги тарихий масканлар билан танишиш, янгиланаётган Ватанимиздаги туб ижобий ўзгаришларни ўз кўзи билан кўриш имкониятига ҳам эга бўлади. Бу каби маданий-маърифий тадбирлар икки қардош халқ ўртасидаги дўстликнинг абадий ва бардавом эканининг ёрқин ҳаётий далилидир.