Абадиятга юзланган нашрлар
Абадиятга юзланган нашрлар
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти – WOSCU «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида», «Ўзбекистон меъморий эпиграфияси» туркум китобларини нашр этиш билан бир қаторда жаҳон фондларида сақланаётган бир қатор қимматли қўлёзмаларнинг факсимилаларини яратмоқда.
Жумладан «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумларининг сони сони 70 тага етди. Шу йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида еттинчи бор ўтказилган «Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» халқаро конгресси доирасида Озарбайжон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия (айниқса Татаристон), Туркия ва Ўзбекистон музейлари коллекцияларига бағишланган китоб-альбомлар тақдим қилинди. Озарбайжон, Қирғизистон ва Қозоғистон тўпламларида илк бор ўзбек тўпламларига бағишланган жилдлар нашр этилди, алоҳида жилд Абилхон Қастеев номидаги Қозоғистон Республикаси санъат музейига бағишланган. Иккита янги жилд россияликлар коллекцияси, аниқроғи татарларнинг Маржани илмий ва маданий дастурларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ва Қозон федерал университетининг тўпламидир.
Туркия коллекцияларида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган китоб-альбомларни нашр этиш давом этмоқда. Туркиядаги шахсий коллекциялар ва Истанбулдаги Турк ва ислом санъати музейи коллекцияларида Ўзбекистон миллий либослари ҳақида жилдлар тайёрланган. Ҳиндистонлик ҳамкорлар билан ҳам илмий соҳада ҳамкорлик давом этмоқда. атижада «Ўзбекистон қўлёзма мероси Худа Бахш Хоннинг Шарқ кутубхонаси фондида» икки жилдлик китобининг биринчи қисми нашр этилди.
Андижон вилояти тарих ва маданият давлат музейи ва Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи коллекцияларига бағишланган янги китоб-альбомлар тайёрланиб, уларнинг тақдимотлари ҳам ўтказилди. WOSCU шунингдек, «Мерожнома», «Бобурнома», «Ҳусайн Бойқаро девони», «Равзату-с-Сафо», «Собит юлдузлар китоби» каби ноёб қўлёзмаларнинг факсимилларини нашр этиш билан ҳам шуғулланмоқда.




