3000 йиллик тарих ва 3000 га яқин ноёб мероснинг ноодатий тақдимоти: Покистон делегациясини лол қолдирган ташаббус
3000 йиллик тарих ва 3000 га яқин ноёб мероснинг ноодатий тақдимоти: Покистон делегациясини лол қолдирган ташаббус
800 дан ортиқ илмий лойиҳа асосида шаклланган ва 3000 га яқин ноёб артефактлар жамланган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда халқаро илмий ва маданий майдонга айланиб бормоқда. Марказга Покистон Ислом Республикасидаги МУСЛИМ институти (тадқиқот таҳлил маркази) раҳбари Соҳибзода Султон Аҳмад Али бошчилигидаги делегация экспозиция билан яқиндан танишиш мақсадида ташриф буюрди.
Покистонлик меҳмонларни Марказнинг кириш фойеси “Буюк сиймолар галереяси”дан чуқур таассурот олдилар. Галереяда жойлашган 14 та равоқ орқали юртимизнинг бой тарихи, буюк алломалар ва тарихий шахслар ҳаёти рангтасвир услубида акс эттирилган. Мазкур композициялар 110 хил рангдаги микромозаика тошлардан, қўл меҳнати асосида яратилгани билан алоҳида эътибор қозонди.
Музейнинг Биринчи Ренессанс даврига бағишланган экспозицияларида жойлашган еттита тематик капсула орқали меҳмонларга ўша давр илмий-маънавий муҳитини акс эттирувчи видеороликлар, қўлёзмалар, тарихий артефактлар ҳамда макет ва муляжлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Ушбу ечимлар илмий меросни замонавий талқинда етказишнинг самарали намунаси сифатида юқори баҳоланди. Хусусан, 1-капсулада Исломнинг тарқалиши билан боғлиқ маълумотлар, видеомаълумотлар ва интерактив матнлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) жаҳон ҳукмдорларига юборган мактуб нусхалари, Каъба сурати ва илоҳий дуолар битилган кашталар, Қуръони каримнинг IX-XI асрларга оид саҳифалари ва қўлёзмалари ўрин олган.
Шунингдек, Учинчи капсула Маъмун академияси, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний сингари алломалар меросига бағишланган. Дунё олимлари томонидан Беруний яшаган давр “Беруний асри” деб аталган. Бу эътироф Фредерик Старр томонидан ҳам кўп таъкидланади. Берунийнинг “Тафҳим”, “Осор ул-боқия” асарлари, Ибн Синонинг "Тиб қунунлари" асарининг иврит тилидаги XIV асрга оид таржимаси факсимиль нашри ҳамда “Китобуш-шифо”нинг 1494 йилда Ҳиротда кўчирилган нусхасини жойладик.
Соҳибзода Султон Аҳмад Али, МУСЛИМ институти раҳбари:
“Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрганимдан ниҳоятда фахрланаман. Аввало, бу ерда замонавий технологиялардан кенг ва самарали фойдаланилгани дарҳол эътиборни тортади. Яратилган визуал тасвирлар ва тақдимотлар юқори профессионал даражада бўлиб, илғор технологиялар асосида яратилгани билан кишини ҳайратга солади.
Бу ерда тақдим этилган материаллар ниҳоятда бой, тарихий жиҳатдан аниқ ҳамда пухта тизимлаштирилган. Айниқса, ўз фарзандларига исломнинг олтин даври ва буюк алломалар меросини жонли ва таъсирчан тарзда етказмоқчи бўлганлар учун бу маскан беқиёс имконият яратади.
Шубҳасиз, марказ олимлар ва тадқиқотчилар учун муҳим илмий манба ҳисобланади. Шу билан бирга, бу ер нафақат тарихий билимлар мажмуаси, балки кучли маънавий озуқа манбаи ҳамдир.
Турли бўлимларда Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби улуғ зотларнинг мероси чуқур ёритилган. Бу ерда тарихни асраш ва уни келажак авлодларга замонавий усулда етказишнинг юксак намунаси яратилган.
Энг эътиборлиси, бу масканга турли ёшдаги инсонлар ташриф буюрмоқда — уларнинг барчасида бир хил маънавий кўтаринкилик ва илмга чанқоқлик ҳиссини кўриш мумкин.
Ўзбекистон ҳукумати ва Президент Шавкат Мирзиёевга ушбу улкан ташаббус учун чуқур миннатдорчилик билдираман. Бу, шубҳасиз, юксак эътирофга лойиқ лойиҳа.
Бу ташриф ҳаётимдаги энг унутилмас кунлардан бири бўлди. Қисқа вақт ичида имкон қадар кўпроқ билим олишга ҳаракат қилдим.”









