30 йил ва ундан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари утилизация қилинади
30 йил ва ундан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари утилизация қилинади

Шаҳарларда транспорт воситалари сонининг кескин ортиши ҳаво сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Мутахассислар фикрича, эски ва экологик талабларга жавоб бермайдиган автомобиллар зарарли чиқиндиларнинг асосий манбаларидан бири ҳисобланади.
Сўнгги йилларда мамлакат аҳолиси сони ва автомобилларга бўлган талаб сезиларли даражада ошди. Хусусан, Тошкент шаҳрида ҳар куни қарийб 600 мингга яқин транспорт воситаси ҳаракатланади. Бу эса ҳавога чиқарилаётган зарарли газлар миқдорининг ортишига олиб келмоқда.
Эски автомобиллар янги транспорт воситаларига нисбатан кўпроқ ёнилғи сарфлайди ва атмосферага карбонат ангидрид, азот оксидлари ҳамда бошқа зарарли моддаларни кўп миқдорда чиқаради. Натижада ҳаво сифати ёмонлашиб, аҳоли саломатлигига хавф туғилади.
Шу боис, мамлакатда ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ бўлган автотранспорт воситаларини босқичма-босқич утилизация қилиш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Янги тартиб нафақат экологик вазиятни яхшилаш, балки иқтисодий ва ижтимоий самарадорликка эришишни ҳам кўзда тутади.