21 март – Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Орипов таваллуд топган кун
21 март – Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Орипов таваллуд топган кун

1941 йилнинг 21 мартида Қашқадарё вилояти, Косон туманидаги Некўз қишлоғида туғилган ижодкор илмга ошнолиги туфайли ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлаб, Ўзбекистон Миллий университетнинг журналистика факультетида ўқиди.
“Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим, “Ёш гвардия” ва Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида муҳаррир, “Ёш гвардия” драматик театрида бадиий бўлим мудири каби кўплаб вазифаларда ишлаб, Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ва ҳатто Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати аъзоси даражаларига кўтарилди.
Абдулла Орипов Калифорния (АҚШ) фан, таълим, саноат ва санъат халқаро академиясининг аъзоси ҳам эди.
Қандай лавозим ва вазифаларда ишламасин, ҳақиқий ижодкор қалбини бир туғён ҳамиша эзгу маънода безовта қилиб келаверади. Бу эса илҳом!
Инсон қалби билан ҳазиллашманг Сиз,
Унда миллат яшар, унда тил яшар.
Унда аждод фахри яшайди сўзсиз,
Унда истиқомат қилади башар.
Инсон қалби билан ҳазиллашманг Сиз,
Унда она яшар, яшайди Ватан.
Уни жўн нарса деб ўйламанг ҳаргиз,
Ҳайҳот! Қўзғалмасин бу Қалб дафъатан!!.
Абдулла Орипов ҳаётий фалсафаларини қалбни “қитиқлар” даражада майин бўлса-да, асли кичик бўлсада дарахтдан узилиб, инсон бошига турган ёнғоқнинг зарби каби хушёр торттирадиган даражада ифодалаган.
Бозорга ўхшайди асли бу дунё,
Бозорга ўхшайди бунда ҳам маъни.
Иккиси ичра ҳам кўрмадим асло,
Молим ёмон деган бирор кимсани.
* * *
Оқар дарёга ҳам кимдир банд берган,
Ҳаёт кимга заҳар, кимга қанд берган.
Эй, ғофил, саркаш деб, мени камситма,
Ғаним сенга эмас, менга панд берган.
Ижодкор достоннавис ва драматург сифатда ҳам маълум ва машҳурликка эришди. Хусусан, “Соҳибқирон” шеърий драмаси ва “Истиқлол манзаралари” достони шоирга катта шуҳрат келтирди.
Ўзбек халқининг миллий тикланиш, ҳурфикрлилик ва мустақиллик учун курашида Абдулла Орипов шеърияти алоҳида ўрин тутади.
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси ҳаммуалифидир. У 1994 йилда Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти билан, 1998 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” юксак унвони билан тақдирланди. Ижодкор 2016 йилда вафот этди.