2024 йил 1 январдан нималар ўзгаради
2024 йил 1 январдан нималар ўзгаради
❥︎ Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2023 йил 31 октябрдаги «Аҳолига пенсия тайинлаш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан 2024 йил 1 январдан бошлаб фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш учун амалдаги тартибга қўшимча равишда уларнинг хоҳишига кўра Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади.
❥︎ вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни қоғоз шаклда талаб қилиш тақиқланади;
❥︎ кўп квартирали уйлардаги кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни тасдиқлаш нотариуслар томонидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ахборот тизими орқали тегишли мулкдорнинг мажбурий бадаллар ёки тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд эмаслиги текширилгандан кейин амалга оширилади;
❥︎ давлат хизматлари марказлари ва уларнинг филиалларида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатишга ихтисослашган «Ижтимоий хизмат дарчалари» фаолияти тўлиқ ташкил этилишини таъминланади;
❥︎ юк вагонлари ва контейнерларни тақдим этиш ҳамда юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечиб, уларни бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизмига ўтилади;
❥︎ I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга ёки 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болага, шунингдек, даволаш муассасасининг хулосасига кўра ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган қарияларга қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатлари ижтимоий ходимлар томонидан бир йилда бир маротаба ўрганилади ва ўрганиш маълумотлари «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали юритиб борилади. Бунда «Ижтимоий ҳимоя» АТдаги қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатлари тўғрисидаги электрон маълумотлар қараб турган шахсга пенсия тайинлашда иш стажига киритиш учун асос ҳисобланади;
❥︎ трамвай ҳамда троллейбусда йўловчи ташиш учун йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилади;
❥︎ аҳоли пунктларида барча янги қурилаётган икки ва ундан ортиқ полосали автомобил йўлларида пиёдалар ўтиш йўлакларини светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш мажбурий этиб белгиланади.




