18 апрель – Ёдгорликлар ва тарихий жойларни асраш халқаро куни
18 апрель – Ёдгорликлар ва тарихий жойларни асраш халқаро куни

Бутун жаҳонда 18 апрель “Ёдгорликлар ва тарихий жойларни асраш халқаро куни” сифатида нишонланади. 1972 йилда Парижда ЮНЕСКО томонидан ўтказилган симпозиумда маданий ва табиий мерос ёдгорликларини муҳофазага олиш ҳақида резолюция қабул қилиниши натижасида 1983 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан “18 апрель - Ёдгорликлар ва тарихий жойларни асраш халқаро куни” деб белгиланган. Бу бутун дунё аҳолисининг эътиборини жаҳондаги тарихий мерос объектларини сақлашга қаратиш мақсадини кўзлаган.
Буюк ва қадимий тарихга эга давлатлар қаторидан ўрин олган Ўзбекистонда олти мингга яқин ёдгорликлар, тарихий жойлар, археология мероси объектлари сақланиб қолган. Бу нодир ва бетакрор ёдгорликларни асраб-авайлаш, уларни миллий бойлигимиз сифатида келажак авлодларга етказиш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “18 апрель-Ёдгорликлар ва тарихий жойларни асраш халқаро куни”ни кенг нишонлаш тўғриси”даги қарори қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси 1993 йилда БМТнинг илм, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти ЮНЕСКОга аъзо бўлди. Ўшандан буён мамлакатимиз Бутунжаҳон моддий ва номоддий маданият меросини ўрганиш объектига айланди.
Тўртта меъморий мажмуа – Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари, шунингдек, Угам-Чотқол миллий боғи, бундан ташқари, Ўзбекистоннинг номоддий маданий мерос обидалари сифатида Наврўз байрами, “Шашмақом” халқ қўшиқлари, “Катта ашула” анъанавий қўшиқлари, Аския санъати, Бойсун маданий макони, Хоразм “Лазги”си, миллий палов, атлас, адрас ва миниатюра санъати ЮНЕСКО рўйхатига киритилди.