10 000 дан ортиқ қўлёзма ва босма нодир манбалар
10 000 дан ортиқ қўлёзма ва босма нодир манбалар

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтда қад ростлаётган мегалойиҳа – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг кутубхонаси бўлиб, у бир вақтнинг ўзида 200 нафар фойдаланувчига хизмат кўрсатиши кутиляпти. Энг муҳими — бу жой барчага очиқ: олимлар, талабалар, мактаб ўқувчилари ва албатта, имконияти чекланган фуқаролар учун ҳам. Махсус ресурслар — брайл ёзувидаги китоблар, аудиокитоблар, техник воситалар билан бу ерда ҳар ким ўзига керакли билимни топа олади
Ўзбекистоннинг қадимий ва бой тарихий-маданий анъаналарини замонавий илмий тадқиқотлар билан уйғунлаштириш йўлида фаолият олиб боришни мақсад қилган Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси энг муҳим ва замонавий ахборот-кутубхона муассасаларидан бири сифатида шаклланмоқда. Бу борада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ишчи гуруҳлари томонидан маҳаллий ва хорижий соҳа мутахассислари билан бирга илмий салоҳият, рақамлаштириш технологиялари, қўлёзмаларни сақлаш ва уларни жамоатчиликка етказиш борасида кенг кўламли лойиҳалар устида ишлар олиб бориляпти.
Лойиҳаларда назарда тутилаётган, кутубхона фондидан ўрин олиши кутилаётган 10 000 дан ортиқ қўлёзма ва босма нодир манбалар халқимизнинг ислом цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини ифодалайди. Ушбу бебаҳо манбаларни рақамлаштириш орқали уларни сақлаб қолиш, уларнинг нусхаларини электрон шаклда оммага тақдим этиш имконияти яратилмоқда.