Юсуф Хос Ҳожиб

Юсуф Хос Ҳожиб

 

 frfyeryvryker.jpg

 

     Шоир, мутафаккир, давлат арбоби, «Қутадғу билиг» достонининг муаллифи Юсуф Хос Ҳожиб тахминан  1020 ёки 1021 йилда туғилган., Унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумотлар берувчи ягона манба ҳам «Қутадғу билиг» китобидир. Ушбу китобга кўра, у замонасининг барча асосий илмларини атрофлича ўрганган, араб ва форс тилларини мукаммал билган. Маҳмуд Кошғарий каби туркий тилнинг мавқеини ошириш, унинг маданий-адабий ҳаётдан ўзига муносиб ўрин эгаллаши учун курашган.

      Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» («Саодатга йўлловчи билим») асари исломий туркий адабиётни бошлабгина қолмай, уни янги тараққиёт босқичига ҳам кўтарди. У нафақат туркий халқлар адабиёти анъаналари, балки қардош халқлар, жумладан, форсий адабиёт тажрибаларини ҳам ижодий ўзлаштирган ҳолда яратилган. 73 боб, 6520 байт ва тўртликлардан ибора «Қутадғу билиг»  «Шоҳнома» каби мутақориб вазнида ёзилган ва «Туркий Шоҳнома» номи билан шуҳрат қозонган.

      «Қутадғу билиг»  сўз санъатининг нодир намунаси бўлиб, унда ўз даврининг илғор ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий масалалари бадиий талқин қилинган, туркий халқлар тарихи, маданияти, илм-фани, урф-одат ва анъаналари, турмуш тарзи, қадриятлари хусусида батафсил маълумот берилган.

 

fyvryvrypryepavr.jpg 

 

      Юсуф Хос Ҳожиб бу асарини Болосоғунда бошлаб, Қашқарда ёзиб тугатган ва қорахоний ҳукмдор Тавғоч Буғрохонга такдим этган. Буғрохон муаллифни тақдирлаб, унга «Хос Ҳожиб» («Эшик оғаси») унвонини берган. Шундан кейин шоир «Юсуф Хос Ҳожиб» номи билан машҳур бўлган. Лекин достоннинг охиридаги шикоят оҳангларига қараганда, шоир умрининг охири бу давлатнинг таназзули даврига тўғри келган, шунга мувофиқ ҳаёти ҳам оғир кечган.

      Шоирнинг Қашқардаги мақбараси зиёратгоҳга айланган.