Мусо ал-Хоразмий
Мусо ал-Хоразмий
Хоразмнинг асл фарзанди, илм аҳлининг бобоколони Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий Хива шаҳрида 783 йилда дунёга келди.
Хоразм фан оламига кўпгина мутафаккирларни етказиб бера олган диёрдир. Хоразмда аниқ фанлар – геометрия, тиригонометрия, астрономия, топография, химия, минерология ва табий фанлар ўша даврдаёқ юксак даражада тараққий этган. Хоразм кейинчалик араб халифалиги таркибига киритилгач, хоразмлик олимлар тез орада шуҳрат қозонганлар ва араб фани” деб аталган фаннинг яратувчилари орасида энг илғор ўринни эгаллаганлар.
Бўлғуси олим болалик ва ўсмирлик йилларида бошланғич таълимни ватанида олиб, араб, форс, ҳинд ва юнон тилларини қунт билан ўрганди, бу тиллардаги китобларни мутолаа қилди ва эл назарига тушиб олим бўлиб етишди.
Бағдод халифаси Ҳорун ар-Рашид ўғли ал-Маъмунни 808 йилда халифаликнинг шарқдаги ноиби қилиб тайинлайди, шаҳзода ал-Маъмун ноибликни пойтахти Марв)га келиб тезликда унга бўйсунувчи ўлкалар - Хуросон ва Мовароуннаҳрда яшовчи олимлар ва шоирларни ўз саройида тўплаб “Мари олимлари йиғини”ни ташкил қилади. Кўпгина олимлар қатори ал-Хоразмий ҳам Марвга келади ва ўзининг самарали ижодига айнан шу ерда тамал тошини қўяди. Олим бу масканда замонасининг кўпгина олиму фузолалари билан танишади.
Ал-Маъмун отаси ўлимидан кейин 813 йилда ўзини халифа деб эълон қилди, 819 йилда бир гуруҳ сарой аҳли ва Марвда тўпланган олимлар билан Бағдодга халифаликни марказига келиб ўз давлатини мустаҳкамлаб, бошлаган хайрли ишларидан бири “Донишмандлик уйи”ни қайта ташкил қилиш ва кенгайтиришга катта эътибор берди.
Бу илмий марказ қошида улкан кутубхона мавжуд бўлиб, унга халифаликнинг ҳамма жойидан фақат араб тилидаги қўлёзмалар эмас, балки юнон, форс, ҳинд, сурёний ва бошқа тилларда ёзилган қўлёзмалар ҳам келтирилар эди. Халифа ал-Маъмуннинг тиришқоқлиги ва олимларнинг сайъи-ҳаракатлари билан уларни асосий қисми араб тилига таржима қилинди ва йирик расадхона қурилиши бошлаб юборилди. Дунёнинг турли бурчакларига илмий экспедициялар ташкил қилинди, ал-Маъмун бу илмий марказда ва халифаликдаги барча фанлар раҳбари қилиб ватандошимиз Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийни тайинлади.
VIII-IX асрларда араб халифалигининг пойтахти Бағдод –тарихий Мадинат ас-Салом ободонлашган, юксалган ва савдо-сотиқ ривожланган шаҳар ҳисобланган. Ал-Хоразмийнинг илмий фаолияти ана шу Бағдод шаҳрида ва Бағдод халифалари –ал- Маъмун ал-Муътасим ҳамда ал-Восиқ даврларига тўғри келади.
“Байт ал-ҳикма”да ал-Хоразмий билан бирга Марказий осиёлик машҳур олимлар ал-Фарғоний, Ҳабаш ал-Ҳасиб, Холид ибн Абдумалик ал- Марваррудий, Яҳё ибн Абу Мансур, Аббос ибн Сайид Жавҳарий, Аҳмад ибн Абдулло Марвазий, Муҳаммад ибн Мусо ибн Шокир ва бошқалар ҳамда халифаликнинг барча вилоятларидан чақирилган энг яхши олим ва таржимонлар ҳам ишлаганлар.
Ал-Хоразмий математика, геометрия, астрономия, тарих, география ва бошқа фанларга доир кўплаб рисолалар ёзган.бизгача алломанинг 20-га яқин асари етиб келган. Буюк математик ватандошимиз ал-Хоразмий 850 йилда ўз ижод маскани бўлмиш Бағдод шаҳрида оламдан ўтган. Унинг илмий асарлари юнон, лотин, немис, инглиз, голланд, рус тилларига қайта -қайта таржима қилинган, ал-Хоразмийнинг илмий фаолиятига буюк олим Абу Райҳон Беруний, шоир ва математик Умар Хайём юксак баҳо берганлар.
Олимнинг илмий мероси ҳамон ўз қимматини сақлаб, авлодлар олқишига сазовор бўлиб келмоқда. Олимнинг 1200 йиллик тўйи жаҳон жамоатчилиги билан биргаликда Хива шаҳрида 1983 йилда нишонланди. Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги бир талай илмий ўқув даргоҳлари, кўчалар олимнинг номи билан аталади.