Машраб
Машраб

Машғур шоир ва мутафаккир асл исм-шарифи Бобораҳим Мулла Вали ўғли Машраб 1640 йил Наманганда таваллуд топган.
Машраб отадан ёш етим қолади, оиланинг моддий қийинчиликлари янада ортади. Онаси ип йигириб тирикчилик ўтказади. Машраб дин асослари ва фалсафадан яхши хабардор бўлган Сўфи Эшон Мулла Бозор Охунд - Хўжа Убайдулло қўлида диний таълим олади, сўфий тариқатлар бўйича билимини оширади, форсий тилни ўрганади.
Тахминан 1665 йилларда у Мулла Бозор Охунд тавсиясига кўра, ўша замонда катта обрўга эга бўлган йирик дин арбоби қашқарлик Ҳидоятулло Офоқ Хожа эшон ҳузурига боради. Тахминан 1672-1673 йилларда Офоқ Хожа даргоҳини тарк этади. Қиссаларда қайд этилишича, бунга Машрабнинг пири даргоҳидаги канизакларнинг бирига кўнгил қўйгани, севиб-севилгани сабаб бўлган.
Машраб пири даргоҳидан кетгач, деярли 40 йиллик умрини доимий сафарда, турли ўлкаларда дарбадарликда ўтказади. Қўнимсиз ҳаётга юзланган шоир, асосан, ижодий иш билан шуғулланади. Оддий халқнинг қашшоқ ҳаёти, зулму ситам остидаги оҳу ноласи шоир қалбини ларзага солади.
Машраб асарларининг аксарияти чуқур ижтимоий йўналишга эга бўлиб, ўша давр ҳаёти, жамиятдаги воқеа-ҳодисалар билан чамбарчас боғлиқ. Машрабнинг бу тур асарлари қўлдан қўлга, оғиздан оғизга ўтиб, тез тарқалган. Худди шунинг учун ҳам Машрабнинг бирор қишлоқ ёки шаҳарга келиши изсиз қолмаган, одил камбағал халқ уни қувонч-хурсандчилик ва қизиқиш билан қарши олган. Шоир қўнимсиз ҳаётининг сўнгги манзили Балхда ҳам ҳоким табақа ва мутаассиб шайх-муллалар Машрабни жисман йўқотиш пайига тушадилар. Шу тескаричи гуруҳларнинг расмий фатвоси ва Маҳмудбий Қатағоннинг ҳукми билан дорга осилади.
Машрабнинг моҳиятан инсон қадри-шарафи ва маънавий камолотини улуғлашга, эзгулик ва гўзалликни мадҳ этишга бағишланган шеърий меросида ғазал, мустазод, мурабба, мухаммас, мусаддас, мусабба, маснавий, рубоий, таърих каби жанр турларида битилган етук намуналарни учратамиз. Машраб аввало моҳир ғазалнавис ҳамда кўплаб шўх ва жарангдор мустазодлар, ўйноқи ва жозибадор мурабба ҳамда халқ ғаму ҳасратига ҳамдардлик ҳисси билан йўғрилган мухаммаслар ижодкори сифатида кенг довруғ чиқарган. Машрабнинг жуда кўп ғазаллари халқ қўшикларидек содда ва жарангдор, жўшқин ва таъсирчандир.
Машраб ҳаёти ва ижоди ҳақида бир неча бадиий асарлар - роман, қисса, достонлар ва саҳна асарлари яратилган, шоирнинг асарларидан намуналар қатор хорижий тилларга таржима қилинган. Мамлакатимизнинг турли шаҳар ва вилоятларида Машраб номида истироҳат боғлари ва кинотеатрлар, мактаб ва кутубхоналар, кўчал ва жамоа хўжаликлари бор.