Маҳмуд Замаҳшарий
Маҳмуд Замаҳшарий

Хоразм воҳасидан азалдан жаҳон илм-фани ва маданияти равнақига улкан ҳисса қўшган буюк алломалардан бири Маҳмуд аз-Замахшарийдир.
Унинг тўлиқ исми Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад бўлиб, милодий ҳисобда 1075 йилнинг 19 мартида Хоразмнинг катта қишлоқларидан бири-Замахшарда таваллуд топган ва шу боисдан ҳам аз-Замахшарий тахаллусини олган.
Аз-Замахшарийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумотлар асосан ўрта аср араб манбаларида, қисман маълумотлар эса олимнинг асарларида келтирилган. Аз-Замахшарий дастлабки билимини она юрти Замахшарда ўз даврининг илмли кишиларидан саналган отасидан олган. Ёшлик чоғларидан илм-ирфонга ташна бўлиб ўсган аз-Замахшарий ўз билимини ошириш мақсадида ўша даврнинг йирик илмий ва маданий марказларидан бири бўлган Бухоройи шарифга йўл олган. Аммо илм толиби йўлда юз берган бахтсиз ҳодиса (отдан йиқилиб оёғи қаттиқ лат егани, бунинг устига қаҳратон совуқ бўлгани) туфайли бир оёғини кестиришга мажбур бўлади ва бутун умри давомида ёғоч оёқда юрган. Жисмоний нотавонлигига қарамасдан аз-Замахшарийнинг катта иштиёқ ва астойдил собитқадамлик билан билим олган.
Алломанинг Шарқнинг турли шаҳарларида жуда кўплаб шогирдлари бўлган. Айниқса Маккаи мукаррамада беш йилдан ортиқ яшаган пайтлари олим учун бу ғоятда серунум бўлган. Аз-Замахшарий Қуръони Карим битилган араб тилини ёшлигидан катта ҳавас ва иштиёқ билан ўрганди, арабларнинг ҳаёти ва уларнинг урф-одатларини, турли лаҳжаларини узоқ давр тинимсиз тадқиқ этди. Алломанинг араб тилига нисбатан меҳри алоҳида бўлган. Шу боисдан ҳам бу тилни чуқур ўрганиш, араб тилининг грамматикаси, лексикаси, умуман араб тилшунослигига оид бир қанча муҳим асарларини шу ногирон донишманд яратган. Унинг жумлаи жаҳонга донғи кетган «Муқаддамат ал-адаб», «ал-Муфассал», «Асос ал-балоға» каби йирик таълифлари мана шу йўналишда ёзилган асарларидир.
Буюк мутафаккир аз-Замахшарий бизга бой ва улкан илмий-маънавий мерос қолдирган. У тилшунослик, луғатшунослик, адабиёт, аруз, одоб-ахлоқ, мантиқ, жуғрофия, тафсир, ҳадис, фиқҳ ва илм ал-қироатга оид олтмишга яқин асарлар яратган. Қомусий билимлар соҳиби бўлган аллома аз-Замахшарий жўғрофияга ҳам оид асар яратган бўлиб, у “Китоб ал-жибол вал-амкина вал-мийоҳ” (“Тоғлар, жойлар ва сувлар ҳақида китоб”) номи билан аталган.
Кўҳна Хоразм заминида таваллуд топган буюк аллома аз-Замахшарий ҳазратлари биз авлодларга беқиёс бой илмий-маънавий мерос қолдирган. Аллома ўзининг бутун умрини ва жўшқин фаолиятини илм-фан йўлига бахшида этган, фаннинг турли соҳаларига оид кўплаб асарлар яратган. Хоразм ўлкасида ва ўзи зиёрат қилган Шарқнинг турли шаҳарларидан бўлган кўпдан-кўп шогирдларига жуда катта эътибор билан қараб, уларни камол топтиришга ўз ҳиссасини қўшган.
Хоразмлик буюк аллома аз-Замахшарий нафақат Ўзбекистон ёки Ўрта Осиё халқлари, балки бутун жаҳон халқларига мансуб бўлиб, бебаҳо илмий-адабий мероси дунё миқёсида ҳазрати Инсоннинг маънавий камолотига хизмат қиладиган ноёб дурдоналардир.